Гулистон тумани Сойибобод қишлоғида яшовчи 22 ёшли Зиёда Жўрабоевани туманда кўпчилик танийди. У онаси раҳбарлик қиладиган «Озодбек туҳфаси» фермер хўжалигида беш йилдан бери тракторчи бўлиб ишлаб келади. У кичкиналигидан тракторга ҳайдашга қизиққан, отасининг вафот этгач, унинг ишини давом эттириш мақсадида тракторчи бўлишга қарор қилган. «Газета.uz» мухбири Сирдарё вилоятида бўлиб, тракторчи қиз билан суҳбатлашди.

Деҳқон оиласида туғилиб улғайган Зиёда Жўрабоева олти фарзанднинг бешинчиси — унинг тўрт опаси ва бир укаси бор. У дала техникасига болалигидан жуда қизиққан, 17 ёшидан эса тракторни мустақил минишга киришган.

«Дадам Олимжон Мирзаев „Озодбек туҳфаси“ фермер хўжалигини бошқариб, тракторчилик ҳам қиларди. Вафот этганларидан кейин кўпчилик фермерликни топширинглар, қийналасизлар, деди. Лекин биз отамнинг ишини давом эттиришга қарор қилдик. Бугунги кунда фермер хўжалигига онам раҳбарлик қилади, аммо асосий ишларни ўзим бажараман, аямга кўмакчиман», — дейди у.

Оиланинг беш киши ишлайдиган хўжалигида ҳозир жами 14 гектар ер бор. Бу йил ернинг ярмига ғалла, қолганига пахта экилди. Табиийки, трактор билан боғлиқ барча ишларни Зиёданинг ўзи бажарди. Умуман, унга трактор ҳайдашнинг бутун сир-асрорларини қўшниси, фермер Обид Мирзиёев ўргатган.

«Қўшнимиз Обид ака трактор бошқаришни нолдан ўргатган. Бошида, албатта, қийинчилик бўлди, у вақт жуда ёш эдим. Трактор ҳайдашни ғўзамизни култивация қилишдан бошлаганман. Ўшанда роса қувонганман, чунки орзуларимдан бири ушалганди. Трактор ҳайдасам, завқланаман. Ер билан ишлаш менга ёқади — бор дардингизни шу ерда сочиб, кейин уйга борасиз», — дейди тракторчи қиз.

тракторчи хотин-қизлар, фермерлар, тракторчи, сирдарё вилояти, гулистон тумани, зиёда жўрабоева

Отаси 2004 йили Тошкент трактор заводида ишлаб чиқарилган трактордан сотиб олган ва умрининг охиригача шу техникадан фойдаланган. Отасининг вафотидан сўнг у тракторни Зиёда ишлатди.

«Аммо у трактор анча эскирганди. Ҳар йили таъмирлатаверишдан чарчаганимиздан кейин охири сотиб юбордик. Ҳозир Обид аканинг тракторидан фойдаланиб турибмиз. Ўзимиз учун янгисини сотиб олишга ҳозирча моддий имконимиз йўқ, лекин мақсад бор. Чунки ҳар бир фермернинг ўз техникаси бўлиши керак — техника сув ва ҳаводек зарур», — дейди Зиёда Жўрабоева.

Зиёданинг айтишича, унинг трактор ҳайдашига кўпчилик ҳавас қилади. «Трактор миниш ҳаммага ҳам эмас, дейишади. Қишлоқда аёллар ҳам, эркаклар ҳам мақташади», — дейди у.

«Одам ҳаётга бир марта келади. Шу сабаб ўз қизиқиши билан яшаши керак. Бошқаларнинг гап-сўзларига қараб яшаб бўлмайди. Қизиқишим сабаб трактор ҳайдашни ўргандим. Трактор ҳайдашимни қишлоғимизда кўпчилик билади, заводларга ҳам ўзим ҳайдаб бораман. Трактор ҳайдашнинг завқи бошқача», — дейди у.

тракторчи хотин-қизлар, фермерлар, тракторчи, сирдарё вилояти, гулистон тумани, зиёда жўрабоева

Зиёда Жўрабоева келгуси режалари ҳақида гапираркан, фермер хўжалигининг ер майдонини кенгайтириш, трактор, алоҳида уй ва шахсий машина сотиб олиш нияти борлигини айтади. «Бундан ташқари, режамда олий ўқув юртида ўқиш ҳам бор», — дея қўшимча қилди тракторчи қиз.

Тракторчи қиз Зиёда Жўрабоева ҳақида тайёрланган материал билан «Газета.uz»нинг YouTube’даги саҳифасида видео шаклида тўлиқ танишиш мумкин.