22 февраль куни эрталабдан Россиянинг Red Wings авиакомпанияси қатновида «Қарши-Москва» («Домодедово» аэропорти) йўналиши бўйича парвозни амалга ошириш ниятида «Қарши» халқаро аэропортига йўловчилар кела бошлаган. Маҳаллий вақт билан соат 08:00 да аэропортда 150 киши тўпланган, дея хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Easy Booking ва Atlas Avia Tour онлайн хизматларида харид қилинган чипталарда жўнаш манзили Қарши, жўнаш вақти эса соат 8:00 этиб кўрсатилган. Бироқ, аэропорт жадвалида бундай рейс мавжуд бўлмаган. WЗ-4492 рейси Навоийдан соат 15:00 да парвоз қилиши керак эди.

Қарши аэропортининг тушунтиришича, айрим авиакассалар шу тариқа бир шаҳардаги йўловчилар тақчиллигини бошқа шаҳарда чипта сотиш орқали қоплайди, йўловчиларга жўнаш шаҳри ҳақида атайлаб нотўғри маълумот беради.

Бунда масъуллар трансферни ташкил қилишлари шарт. Мазкур ҳолатда эса, Қарши шаҳридан Навоийга трансфер ташкил этилмаган. Йўловчилар ўз ҳисобларидан, хусусий таксилар орқали қўшни шаҳарга етиб боришга мажбур бўлган.

Uzbekistan Airports матбуот хизматининг маълум қилишича, самолёт режалаштирилганидек соат 15:00 да учиб кетган.