Ўзбекистоннинг Нур-Султондаги элчихонаси январь ойида Қозоғистонда рўй берган тартибсизликлардан кейин Ўзбекистон фуқаролари ҳибсга олингани муносабати билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуп Қобулжонов маълум қилди.

Ушбу нотада Қозоғистон ТИВдан ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, улар сақланаётган жойлар, жавобгарликка тортилиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш сўралган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун ҳибсдагилар билан консуллик учрашувини ташкил этиш сўрови юборилган.

«Ўзбекистон Республикасининг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси, шунингдек, Олмаота ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жойлардаги вакиллари билан доимий алоқада бўлиб турибди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон омбудсмани Элвира Азимова тартибсизликлардан кейин 18 нафар хорижлик, жумладан, 14 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсда қолаётганини маълум қилган эди.