Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси январь ойида 3,49 млрд долларни ташкил этди, бу 2021 йилнинг январь ойига нисбатан 1,5 баробар кўпроқ, дея хабар берди Давлат статистика қўмитаси.

Январда экспорт ҳажми 1,399 млрд долларни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп. Импорт ҳажми эса 28 фоизга ошиб, 2,09 млрд доллар миқдорида қайд этилди.

Йилнинг илк ойида Ўзбекистон 586,6 млн долларлик олтин экспорти амалга оширган. Маълумот учун 2021 йилнинг январь ойида олтин экспорт қилинмаган. Қимматбаҳо металлар экспорт ҳажмининг қарийб 42 фоизини таъминлади.

Марказий банк маълумотларига кўра, олтин захирасининг миқдори ўзгармаган, бироқ унинг қиймати пасайган. Олтин захираси 20,77 млрд долларга баҳоланган бўлса, йил бошида бу кўрсаткич 20,95 млрд долларни ташкил этди. Нарх жиҳатидан захиралар 175,1 млн долларга пасайди. 1 фераль ҳолатига кўра, Ўзбекистон олтин захирасининг миқдори — 11,6 трой унция ёки 360,8 тоннага тенг.

Қимматбаҳо металлардан ташқари, Ўзбекистон хомашё экспорти икки бараварга ошди ва 44,8 млн долларни (2020 йилда 22,3 млн доллар) ташкил этди. Жумладан, металл рудаси ва парчаларини сотиш 83 баробарга, минерал хомашёси — 5,1 баробарга ошди.

Ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари савдоси 2,8 млн долларгача ўсди. Бу ерда тамаки маҳсулотлари асосий ўсиш омили бўлди — экспорт 11,8 баробар ошди.

Саноат маҳсулотлари, жумладан, тўқимачилик маҳсулотлари (+31,5%), рангли металлар (+21,6%) ва металл буюмлар (+12,4%), шунингдек, кийим-кечак (+20,6%) ва ҳар хил тайёр буюмларлар (+2,3 баробар) экспортида сезиларли ўсиши кузатилди.

Бироқ машинасозлик маҳсулотлари экспорти 8,8 фоизга қисқарди ва 30,6 млн долларни ташкил этди.

Импорт таркибида анъанавий равишда автомобиллар (718 млн доллар, +34%), ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (407 млн доллар, +50%) ва кимё маҳсулотлари (303 млн доллар, +46%) етакчилик қилмоқда. Хусусан, январь ойида автомобиллар импорти 65,7 млн долларни ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 11 баробар кўп.

Республика ташқи савдо айланмаси таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 33,7% ёки 1179,8 млн долларни, энг қуйи улушни эса Сурхондарё вилояти 1,0% улуш билан 34,7 млн долларни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2020 йилга нисбатан 16 фоизга ўсиб, $42,1 млрдни ташкил этганди.