Одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлиги учун яна икки суд раиси ишдан бўшатилди, деб хабар берди Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати.

Судьялар олий кенгаши қарори билан Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг раиси Бахтиёр Таваккалов ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси Камолиддин Холмухамедовнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, лавозимидан озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Андижон, Бухоро ва Тошкент вилоятларида туман судлари раислари ва судьялар ўз аризасига кўра ишдан олингани ва республика бўйича 10 нафар судья масъулиятсизлиги учун интизомий жазога тортилгани ҳақида ёзгандик.

17 февраль куни эса Судьялар олий кенгаши 5 нафар судьяни интизомий жазога тортгани тўғрисида хабар берган эдик.

Бундан аввал Бухоро вилояти судининг судьяси Ш. Неъматов судьялик қасамёдини бузгани учун лавозимидан озод этилгани ва Хоразм билан Навоий вилоятидаги суд раислари эса интизомий жавобгарликка тортилгани маълум қилингандик.