Президент Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Тошкентда кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришни такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга оид, ҳамда геология соҳаси ва кимё саноатидаги лойиҳалар билантанишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, илгари кўп қаватли уйларга хизматни фақат мулкдорлар ширкати кўрсатар, техника ва мутахассислар етишмаслиги сабабли унинг сифати паст бўлган. Бугунги кунда эса бошқа бошқариш шакллари ҳам жорий қилинган.

2020 йилда тажриба тариқасида Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 110 та кўп қаватли уй бошқарув компанияларига берилган эди. Бу тажриба 2021 йилда барча вилоят марказлари, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида давом эттирилиб, 15 та бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

Масалан, Навоий шаҳридаги 116 та кўп қаватли уйга битта бошқарув компанияси томонидан хизмат кўрсатилган бўлиб, муддати ўтган қарздорлик 2 баравар қисқарган. Бу компания 34 турдаги махсус техника олиб, аҳоли ва тадбиркорларга 20 дан ортиқ янги хизматларни йўлга қўйган.

Давлат раҳбари бу тизимни кенгайтиришни рағбатлантириш кераклигини, йил якунигача бошқарув компаниялари томонидан хизмат кўрсатишни Тошкентнинг барча хизмат сифати паст туманларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Хизматларидан аҳоли рози бўлган ширкатлар ва уй-жойни бевосита бошқарувчилар бундан мустасно эканига алоҳида эътибор қаратилди.

«Бу ишларни тизимли ташкил этишимиз лозим. Ахир бу одамларимизнинг кундалик муаммолари, уларни ҳал этмасак, халқимиз биздан рози бўлмайди», — деди президент.

Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти, аҳоли фикрларини ўрганади, ширкатлар ва бошқарув компанияларининг молиявий муаммоларини ҳал этиб боради.

Фаолияти ва молиявий аҳволи қониқарсиз бўлган ширкатлар ҳудудини очиқ танлов асосида бошқарув компанияларига бериш масаласини ўрганиш топширилди.

Умуман, уй-жой бошқарув компанияларига муайян имтиёз ва енгилликлар берилиши қайд этилди. Жумладан, улар фойда ва мулк солиғидан озод этилади, ижтимоий объектларга аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш учун тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади, махсус техника ва ускуналар сотиб олишга 90 миллиард сўм кредит ажратилади ва фоизларининг бир қисми қоплаб берилади, импорт қилинадиган ускуна ва техникаларга божхона божлари келгуси 3 йилда «ноль» ставкада қўлланилади, тугатилаётган ширкатларнинг муаммоли кредитлари 3 йилга музлатилади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига бундай ишларни барча ҳудудларда ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Тақдимотда 2022 йилда иссиқлик таъминоти тизимида амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Хусусан, жорий йилда 10 та қозонхонани модернизация қилиш ва 2 та янги қозонхона қуриш, 120 километр иссиқлик тармоқларини янгилаш, натижада 24 минг 400 та хонадон ва 51 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш режалаштирилган.

Давлат раҳбари ҳар бир маҳалланинг иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши кераклигини айтган эди.

Тақдимотда шу борада Тошкентда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, маҳаллаларда болалар ва спорт майдончалари қурилади, йўлаклар тартибга келтирилиб, дарахтлар экилади. Бунинг учун 579 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан 1 млрд сўмдан ажратилган.

Президент бу маблағдан самарали фойдаланиш, зарур бўлса, маҳаллий бюджетдан қўшимча ресурс йўналтириш бўйича кўрсатма берди. Бошқарув компанияларини жалб қилиб, 2 мингта кўп қаватли уйларни жорий ва капитал таъмирлаш кераклиги айтилди.

Тақдимотда Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида пойтахтда 1 млн туп манзарали ва мевали дарахтлар экиш борасидаги ишлар ҳақида туманлар ва кўчалар кесимида маълумот берилди.