Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида фуқароларни ноқонуний йўл билан ишга киритиб қўйишда гумонланган шахслар қўлга олингани. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Қашқадарё вилоятидаги ҳолатда департамент ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.ни 4 минг доллар эвазига Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Шу каби ҳолат Бухоро вилоятида ҳам кузатилган. Унда фуқаро О.У. бошқа бир фуқаро Ш. нинг ишончига кириб, уни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда бергани айтилмоқда. Бунинг эвазига 1500 долларни олган вақтида қўлга тушган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.