20 май куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Эркин Муҳитдинов лавозимидан озод қилиниб, вилоят ҳокимига биринчи ўринбосар этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Муҳитдинов ҳокимлик лавозимини 2023 йилнинг август ойида эгаллаганди, унгача камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

У 1976 йил Андижон вилояти Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1997 йилда Андижон иқтисодиёт бошқарув институти, 2000 йилда Банк-молия академияси, 2007 йилда Ривожланаётган иқтисодиётлар институти Олий мактаб (Япония)ларини тамомлаган.

Ҳокимликка кўра, Муҳитдиновнинг ўрнини Дониёр Мадиримов эгаллади.

Мадиримов 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон миллий университетининг бакалавр ва магистратура босқичларини ва Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди.

Сўнгги йилларда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи, мазкур лавозимга қадар Тошкент вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси сифатида ишлаган.

Халқ депутатлари Оҳангарон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев туманда айни дамда йиғилиб қолган тизимли муаммолар, мавжуд камчиликлар ва, ўз навбатида, юксак потенциал ҳамда истиқболли лойиҳалар хусусида танқидий-таҳлилий нутқ сўзлади, дейилади хабарда.

««Маҳалла еттилиги»нинг фаол ишлаши, уларнинг жонкуярлиги, фидойилиги кўп муаммоларнинг олдини олади. Афсуски, Оҳангаронда бу борада жиддий оқсоқлик бор», — деди Зойир Мирзаев.