Қозоғистонда январь ойида содир бўлган оммавий тартибсизликлардан сўнг 18 нафар чет эл фуқаролари ҳамон ҳибсда қолиб келмоқда. Уларнинг аксариятини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади, деб хабар бермоқда Tengrinews.

«Оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганлар орасида тергов изоляторларида 18 нафар хориж фуқароси сақланмоқда. Уларнинг 14 нафари — Ўзбекистон, икки нафари — Россия, қолган икки нафари эса Қирғизистон фуқароси», — деб маълум қилган Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Эльвира Азимова.

Шунингдек, омбудсман ҳибсга олинган фуқаролар сақланаётган ёпиқ муассасалар мониторинги якунини ҳам эълон қилган.

«Қамоқда сақлаш шароитларига келсак, 6 январдан кейинги дастлабки 48 соат ичида ичимлик суви ва озиқ-овқатдан ўз вақтида фойдалана олмаслик ҳолатлари аниқланган. Вақтинчалик сақлаш изоляторлари ва қўлга олинганлар етказилган қўшимча биноларда муаммо ҳибсга олинганларнинг кўплиги билан боғлиқ бўлган. Кейинчалик вазият барқарорлашган. 10 январдан кейин ҳибсга олинган барчага уйларидан жўнатмаларни қабул қилишга рухсат берилган. Бугунги кунда овқатланиш меъёрларига риоя қилинмоқда, бироқ овқатланиш сифати бўйича бир қанча мурожаатлар бор», — деган Эльвира Азимова.

Қозоғистон омбудсмани маълумотларига кўра, январь ойидаги тартибсизликлар туфайли бугунги кунда 197та жиноий иш қўзғатилган. 16 февраль ҳолатига қамоқда қолганлар сони 728 нафарни ташкил этган.

2 январь куни Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқиши билан бошланган эди. Шундан кейин, намойишлар Актау вилояти марказида ҳам бўлиб ўтди, сўнгра Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан пойтахт Нур-Султон шаҳрига ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқала бошлаган эди.