Эрон ҳукумати президент Иброҳим Раисий ва унинг делегациясининг вертолёт қулашида ҳалок бўлгани муносабати билан баёнот берди.

«Эрон халқининг меҳнатсевар ва тиним билмаган президенти, мамлакатнинг ривожланиши ва тараққиёти йўлида Эроннинг буюк халқига хизмат қилишдан бошқа ҳеч нарса қилмади, ваъдасини бажарди ва миллат учун ўз ҳаётини қурбон қилди», — дейилади баёнотда (Mehr келтирган иқтибос).

Ҳукумат Эрон халқини «хизмат йўли» давом этишига ва мамлакат бошқарувида «узилишлар» бўлмаслигига ишонтирди.

эрон, иброҳим раисий

Муҳаммад Мохбер. Фото: Wikimedia Commons.

Раисийнинг вафоти муносабати билан Эрон президентининг вазифалари унинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохберга ўтди. Бу тартиб мамлакат конституциясида назарда тутилган, деб ёзмоқда Reuters. Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий президент вазифасини бажарувчини тасдиқлаши керак.

Муваққат президент сифатида Мохбер парламент спикери ва суд ҳокимияти раҳбари билан бирга президент вафотидан кейин 50 кун ичида янги президентлик сайловларини ташкил қилувчи уч аъзолик кенгашдан жой олади.

  • Иброҳим Раисийнинг вертолёти 19 май куни Эрон шимоли-ғарбидаги тоғли ҳудудда қулаб тушди. Раисий Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳам иштирок этган Озарбайжон билан чегарадаги Аракс дарёсидаги тўғоннинг очилиш маросимидан қайтаётган эди. Воқеа жойидан олинган кадрларда вертолётнинг тоғ чўққисига қулаганини кўриш мумкин. Ҳалокат сабаблари ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.
  • Иброҳим Раисий 1960 йилда Машҳад шаҳрида туғилган. 1980 йилларда у прокурор ўринбосари, кейинроқ Теҳронда прокурор бўлиб ишлаган. 1988 йилда у Эрон пойтахтида минглаб сиёсий маҳбусларни қатл этган махсус комиссия таркибига кирган.
  • 2017 йилда у Эрон президентлиги учун курашган, бироқ ўша пайтдаги президент Ҳасан Руҳонийга ютқазган. 2021 йилги навбатдаги президентлик сайловларида Раисий ғалаба қозонганди.