Россиядаги ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиеванинг Credit Suisse банкидаги (Швейцария) ҳисоб рақамларида камида 5,8 млрд доллар пул маблағлари бўлганлиги ҳақидаги хабарлар рад этилди. Бу борада Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати муносабат билдирди.

«Баъзи масъулиятсиз ОАВлар OCCRP маълумотларига таяниб, таниқли тадбиркор, молиячи ва меценат Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Бурҳоновна Нарзиеванинг шахсий ҳисобрақамларига қўйилгани айтилаётган катта пул маблағлари ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур хабар орқали тадбиркорнинг обрўсига путур етказишга уриниш бўлмоқда.

«Бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди ва Алишер Усмоновнинг обрўйига путур етказиш мақсадида тарқатилмоқда. Маълумотни тарқатганлар «қовурилган фактлар»га ҳавола қилиб, журналист этикаси меъёрларини эътиборсиз қолдирган. Ушбу ёлғон маълумотларнинг эълон қилиниши Алишер Усмоновнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйига путур етказади», — дейилади баёнотда.

Тадбиркорнинг матбуот хизмати ёлғон маълумотларни тарқатганларни жавобгарликка тортиш, жабрланганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча қонуний чоралар кўрилишини қўшимча қилди.

Аввалроқ, журналистлар Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамлари бўйича сиздирилган маълумотларни ўрганди. Банк хизмат кўрсатган мижозлар орасида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси, Теннис федерациясининг собиқ раҳбари Игорь Шепелев, Тимур Тиллаевнинг қариндоши ва Алишер Усмоновнинг синглиси бор эди.