Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2−3 март кунлари Покистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Radio Pakistan нашри Покистон бош вазирининг Савдо ва сармоя бўйича маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довудга таяниб хабар берди.

Абдул Разоқ Довуд 22 февраль куни Покистонга ташриф буюрган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан бирга ОАВ вакиллари билан учрашган. «Газета.uz»га Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлашича, вазир ҳозирда Исломобод шаҳрида бўлиб турибди.

Покистон вакилининг сўларига кўра, Ўзбекистон президенти ташриф чоғида Покистон раҳбарияти билан икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни яхшилаш йўлларини муҳокама қилади, шунингдек, ўзаро савдо шартномаларини имзолайди.

Маслаҳатчининг таъкидлашича, март ойида икки давлат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги келишувга эришиш режалаштирилган. Унинг имзоланиши эса Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи дастуридан ўрин олган, деб хабар берди Pakistan Economic Net.

Ўз навбатида, Сардор Умурзоқов кейинги ойдан бошлаб Лаҳордан Тошкентга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг февраль ойи ўрталарида Покистон бош вазири Имрон Хон Тошкентга расмий ташриф билан келганди. 16 февраль куни Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон Ўзбекистон ва Покистон ўртасида стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзолаганди.

Шунингдек, транзит ва савдо тўғрисидаги ҳамда ишбилармонлар ва сайёҳлар учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, қолаверса, 500 млн долларлик келишувлар ҳам имзоланди.