Пайшанба куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фуқаро уйининг деворлари ва ойнасини тош отиб синдирган қўшни болани «қўрқитиб қўйиш мақсадида» машинаси юкхонасига солиб қўйган ҳолда ҳаракатлангани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Вояга етмаган боланинг онаси мурожаатига асосан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш / БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши очилган.

Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Қўқон шаҳри ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳарактлари олиб борилмоқда.