Космонавтлар майдонидаги реконструкция рухсатсиз бошланган

Маданий мерос агентлиги космонавт Владимир Жанибеков ҳайкали атрофидаги мармар плиталар рухсатсиз демонтаж қилинаётганини маълум қилди. Ҳокимият топшириғига асосан уни реконструкция қилаётган «Mimar Group» компанияси эса огоҳлантириш олди. Иш тўхтатилди.

Мурод Назаров Ocard сув бренди Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли эканини айтди

Тадбиркор Мурод Назаров Ocard сув бренди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли эканини маълум қилди. Ocard савдо белгиси патенти J-United Group корхонасига тегишли. Бу компания таъсисчиси эса Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев ҳисобланади.

Гулнора Каримованинг хориждаги активларини қайтариш учун траст жамғарма ташкил этилади

Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши доирасида мусодара қилинган активларни қайтариш учун БМТнинг кўптомонлама траст жамғармаси ташкил этилади. Адлия вазирлиги маблағлар Ўзбекистон аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланишини маълум қилди. Шунингдек, Франциядан яна 10 млн доллар қайтарилди, қолаверса, 131 млн долларлик активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр.

Юнусободда дарахтлар таги бетонлаб кетилган ҳолат юзасидан жиноят иши очилди

3 февраль куни пойтахтнинг Юнусобод туманида тадбиркор қурилиш учун сотиб олган ер участкасида ўсаётган дарахтларни таг қисмидан бетонлаб ташлаганди. Юнусобод туман прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди. Гумонланувчилар максимум 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича маъмурий регламент тасдиқланди

Ҳукумат ер участкаларини хусусийлаштириш бўйча регламентни тасдиқлади. Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

Ўзбекистонга қарийб 230 кг героин олиб кирилишининг олди олинди

Божхона ходимлари томонидан Тошкент вилоятидаги «Ойбек» постида тўхтатилган юк машинасида 229,7 кг «героин» гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Ушбу наркотик воситаларнинг Европа «қора бозорлари»даги нархи ҳозирда ўртача 12−14 млн долларни ташкил этади.

Uzbekistan Airways узоқ масофага мўлжалланган илк A321LR ҳаво кемасига эга бўлди

Uzbekistan Airways компанияси узоқ масофага учувчи Airbus A321neo (LR) ҳаво кемасини қабул қилиб олди. 188 йўловчига мўлжалланган самолёт LEAP-1A двигателлари билан жиҳозланган. Йил охиригача яна тўртта самолёт етказиб берилиши режалаштирилган.

Автомобиль сотиб олганлик учун йиғим бекор қилиниши ортидан бозорда юқори ўсиш кузатилди

2022 йил январь ойида 113,2 минг дона (2021 январига нисбатан 126,4% кўп) автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди. Бундай ўсишга 1 январдан автомобилларни сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ва олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштиришда ундириладиган давлат божи БҲМнинг 3 баробаригача камайтирилиши сабаб бўлган.

Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи мураббийи вафот этди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг биринчи мураббийи Рустам Акрамов 73 ёшида вафот этди. У 1992−1994 йиллардаги фаолияти давомида жамоа билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган. Кейинги икки йилда эса Ҳиндистон терма жамоасини бошқарган.

1 апрелдан молиявий қоидабузарликлар ҳақида хабар берганлар мукофотланади

Президент қарори билан 1 апрелдан молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахслар мукофотланади. Қолаверса, 2023 йил қадар «Электрон назоратчи-тафтишчи» дастурий мажмуаси тўлиқ ишга туширилади. Молия вазирлиги ҳузурида эса Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилди.

Тошкент вилоятида мактаб ўқувчилари юпун кийимда меҳмон кутишга чиқарилди

Қибрай туманидаги 29-мактабда ўқувчи қизлар совуқ ҳаво бўлишига қарамай, юпун кийимда меҳмонларни кутиб олишга чиқарилди. Тошкент вилоят ХТБ тадбир мактаб томонидан эмас, балки «Олтин мерос» хайрия фонди ва «Янги йўл» маҳалласи томонидан ўтказилганини маълум қилди. Мазкур ҳолатга йўл қўйган мактаб раҳбариятига эса чора кўрилиши айтилди.

Тошкент давлат техника университетида эркак ўзини бешинчи қаватдан ташлашга уринди

Тошкент давлат техника университетидаги қурилишда ишлаган ёлланма ишчи маошини ололмаганлиги сабабли ўзини бешинчи қаватдан ташлашга уринди. Ҳодиса жойига етиб борган Олмазор ИИБ ФМБ бошлиғи музокара ўтказиб, 40 ёшдан ошган фуқарони пастга туширишга эришди. Олий таълим вазирлиги ишчига қурилиш ташкилоти маошини тўлаб берганини қўшимча қилди (янгиланди).

Тошкентдаги «Анҳор-Локомотив» боғи 376,5 млрд сўмга сотувга қўйилди

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Анҳор-Локомотив» кўнгилочар ва дам олиш боғи очиқ аукционда сотувга қўйилди. 8,35 гектар майдонга эга боғнинг бошланғич нархи 376,4 млрд сўмга баҳоланган.

UNICEF Ўзбекистонга вакциналарни сақлаш учун $500 мингдан ортиқ қийматдаги ускуналарни тақдим этди

UNICEF Ўзбекистон ҳукуматига вакциналарни сақлаш омборлари учун 500 минг доллардан кўпроқ қийматдаги 118 музлатгич, 7 минг дона термосумка ва тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситаларини топширди (фото).

Қашқадарёда 7 туп қайрағочни кесган шахслар 2,7 млн сўм жаримага тортилди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 23-сонли мактаб ҳудудида ноқонуний равишда 7 туп қайрағоч дарахти кесилганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарлар 2,7 млн сўм жаримага тортилди, қолаверса, 592 минг сўмлик зарар ҳам қўлланилди.

Фарғонада тадбиркорга автомобиль йўналишини бириктириб бермоқчи бўлган бош инспектор ушланди

Фарғона вилояти Транспорт бошқармаси ходими тадбиркорга Фарғона шаҳридаги 30-автомобиль йўналишини 1 500 доллар эвазига 3 йилга бириктириб беришни ваъда қилган. Шундан 1 000 долларини олган вақтида тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тошкентда пневматик милтиқ билан мушук ва итларни овлаган эркак 15 суткага қамалди

Тошкентнинг Миробод туманида пневматик милтиқ ёрдамида мушук ва итларни овлаб келган эркакка МЖТКнинг ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш ва қуроллардан ноқонуний фойдаланиш моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. У 15 суткага маъмурий қамоққа олинди.

Самарқанд вилояти прокурори ўзгарди

2020 йил октябридан Наманган вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган Жаҳонгир Ҳатамов Самарқанд вилояти прокурори этиб тайинланди.

Россиядан Ўзбекистонга махсус поездлар қатнови йўлга қўйилмоқда

Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни мамлакатга олиб келиш учун 2 та махсус поездлар қатнови йўлга қўйилади. Поездлар 18 ва 25 февраль кунлари Волжский шаҳридан йўлга чиқади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар

Навоий кўчасини ҳам шоссега айлантиришга қарор қилинди

Аҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларини тезюрар шосселарга айлантирган Тошкент ҳокимлиги яна бир марказий кўча — Алишер Навоий кўчасига ҳам қўл узатди. Ишлар яна огоҳлантиришсиз бошлаб юборилди. Режа президентнинг шаҳар биринчи навбатда пиёдалар учун қулай бўлиши кераклиги ҳақидаги баёнотига зид келмоқда. «Газета.uz» нашрининг давлат раҳбарига мурожаати.

«Яхши мақсадни кўзлаганмиз». Туман ҳокими — Космонавтлар майдони реконструкцияси ҳақида

Рухсат берилмаганига қарамасдан қурувчилар Космонавтлар майдонидаги гранит плиталарни кўчириб ташлашни давом эттиришди. Туман ҳокими Анвар Сайфутдиновнинг таъкидлашича, дам олиш кунлари сабабли лойиҳа ҳақида олдидан хабар берилмаган. Унинг айтишича, ҳокимият фуқароларга қулайликлар яратишда «яхши мақсадларни кўзлаган». Шаҳар ҳокимияти ваниҳоят лойиҳа эскизини эълон қилди. Чизмада янги мармарнинг ранги аввалгисидан фарқ қилади.