Жаҳонгир Ҳатамов Самарқанд вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

У бунга қадар Наманган вилояти прокурори лавозимида фаолият олиб борган. Жаҳонгир Ҳатамов 2016—2017 йилларда Жиззах вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, 2017−2018 йилларда Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари бўлган. У 2018 йил февралидан 2020 йилнинг октябрига қадар Хоразм вилояти прокурори лавозимида ишлаган.

Кеча, Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган Шавкат Раҳмонов Наманган вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланган эди. Бундан ташқари, 12 февраль куни 2020 йилдан бери маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири сифатида фаолият юритган Раҳмат Маматов Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди.

Маълумот учун, президент 10 февраль куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ўтказган йиғилишда вилоятдаги тиббий, ижтимоий муаммолар, банк-молия тизимидаги камомадлар, жиноятчиликка оид рақамлар ўсиб бораётганини кескин танқид қилди. У шунингдек, вилоятдаги секторлар ва тегишли мутасаддилар жуда суст ишлаётганини кўрсатиб ўтди.

Йиғилиш давомида президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд тумани ҳокими ва ИИБ бошлиғи, Нуробод тумани ҳокими, Оқдарё тумани прокурори ва ИИБ бошлиғи, Марказий банк Самарқанд вилояти Бош бошқармаси раҳбари ва вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари ва бошқа амалдорларни ишдан бўшатди.

Уларнинг баъзиларига нисбатан тўпланган, шу жумладан коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида жиноий иш очиш масаласи ўрганиб чиқилиши таъкидланган эди.