Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида (харита) жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик (видео).

Бош прокуратуранинг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган. Унинг натижасига кўра, ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу ҳолатда гумондорларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Етказилган моддий зарарнинг ўрни 3 карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Бундан ташқари, 2021 йил 14 декабрь куни мазкур ҳудуддаги дарахтларнинг пастки қисмлари номаълум шахслар томонидан кесилиб, жами 10 дона «Элдор қарағайи» дарахтларига шикаст етказилганди. Бунинг натижасида ўсимлик дунёсига 83.160.000 сўмлик зарар келтирилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 3 февраль куни номаълум шахслар томонидан мазкур ер участкасидаги «Элдор қарағайи» дарахтларининг таги бетонланганлиги аниқланган.

Ҳозирда, ушбу жиноят иши юзасидан Юнусобод туман ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хронология

Эслатиб ўтамиз, 3 ферваль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида (харита) жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик.

Тадбиркор соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчилар билан келиб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади. Унинг бу ҳаракатлари видеокузатув камераларига тушиб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб бориб, видеорепортаж тайёрлади.

Экологлар аралашуви билан дарахт тагига тўкилган қоришмалар Юнусобод туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тозалаб олинди. Воқеа жойига Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ҳам борди. Экология қўмитаси, Экопатруль ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мазкур ҳудудда 24 соат назорат ўрнатилиши белгиланди.

Бунга қадар, декабрь ойи ўрталарида 10 тупи номаълум шахслар томонидан ярмигача арралаб кетилган эди. Экологлар ботаника боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда зарарланган дарахтларни сақлаб қолиш учун уларнинг танасидаги жароҳатларни даволаб, ёпишди ва уларни рақамлашди.

Қолаверса, жамоатчилик вакилларининг қаршилигига қарамасдан 10 январга ўтар кечаси ниқобдаги номаълум шахслар 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлашди. Агар одамлар арра овозини эшитиб, чиқиб қолмаганида кўпроқ дарахтлар нобуд бўлиши мумкин эди.

4 февраль куни Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов пайшанба куни Тошкентнинг Юнусобод туманидаги дарахтлар таги билан бетонлаб ташланган ҳолатни ўрганди. Натижада Экология қўмитаси, Экопатруль ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мазкур ҳудудда 24 соат назорат ўрнатилиши белгиланди.

Мазкур масалада адлия вазири ҳам фикр билдириб, мораторийга барча амал қилиши шартлигини айтганди. «Юнусободдаги дарахтлар кесилмайди, тамом… Сиз уни қайси мақсадда олган бўлсангиз ҳам тегина олмайсиз. Тегсангиз сиз жиноят қилган бўласиз», — деди Русланбек Давлетов. Бунга Давлат экология қўмитаси масъуллиги, қолаверса, прокуратура органлари ҳам назорат ўрнатиши лозимлиги қўшимча қилинди.

Дарахтларни кесишга уринишлар уларни кесишга доир мораторий этилган даврда содир этилмоқда. Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мораторий муддатсиз даврга узайтирилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳозирга қадар ушбу баҳсли ер участкаси юзасидан изоҳ бермади.