Дастурлаш — бугунги кунда энг талабгир соҳалардан бири. Дастурчиларнинг тури кўп, масалан, 2023 йилда дунё миқёсида 27,7 миллионга яқин веб-дастурчи ишлаган бўлса, уларнинг 20 фоизи аёллар эди. Сунъий идрок (AI)га ихтисослашган дастурчилар орасида эса аёллар улуши 26,1 фоизни ташкил этган. Ўзбекистонда ҳам IT тармоқда меҳнат қилаётган жами ходимларнинг тахминан 33 фоизи хотин-қизлардан иборат.

Ҳар йили апрелнинг тўртинчи пайшанбаси Халқаро ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги қизлар куни сифатида нишонланади. 2024 йилда байрам 25 апрелга тўғри келди. Шу муносабат билан «Газета.uz» IT’даги ўқувчи қизлар билан суҳбатлашди. Улар келажак режалари, амалиёт ўташдаги ёш билан боғлиқ муаммолар, жамиятдаги стереотиплар ҳақида гапирди.

«Дастурлаш — шунчаки код ёзиш эмас, балки ақлли ечим топиш демак»

Замира Рустамова Тошкентдаги 160 мактабнинг 9 синф ўқувчиси. AI ва front-end (вебсайт ва мобил дастурларнинг визуал ва интерфаол қисми) йўналишида ишлайди. Ҳозирда Bilimheal va HandiHub лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашмоқда.

акт, ахборот-коммуникация технологиялари, дастурлаш мактаби, дастурчи, дастурчи хотин-қизлар

Ота-оналар фарзандларининг у ёки бу касбни танлашига таъсир қилиши кўп кузатиладиган ҳолат, аммо фарзанд ота-онасининг янги соҳани ўрганишига туртки бўлиши-чи, шунақаси ҳақида ҳам ҳеч эшитганмисиз?

14 ёшида Амити университетининг Albison Academy курсида ахборот-коммуникация технологияларини бепул ўрганиш мумкинлигидан хабар топган Замира ўқишга ариза топширади. Инглиз тилини яхши билиши қўл келиб, грант ютиб олганидан сўнг мураккаб, бироқ ўзига яраша завқли жараён бошланган.

«Сунъий интелект бўйича бир ойлик курсдан сўнг дадам мотивация бериш мақсадида янги ноутбук совға қилди. Албатта, бундан бошим осмонга етди, лекин ундан ҳам кўпроқ хурсанд қилгани — мендаги ўсишни кўргач, дадамда ҳам IT’га қизиқиш пайдо бўлгани эди. Ота-бола иккимиз оиламиз учун буткул янги бўлган билимларни биргаликда эгаллаш, ривожланишга қарор қилдик — дастурлаш доимий ўқиб-ўрганишни талаб қилгани боис жараён ҳозир ҳам давом этяпти», — дейди у.

Замира дастурлашни шунчаки код ёзиш эмас, балки янги ечимлар яратиш, ижодий фикрлаш ва технологик ютуқлар орқали жамиятга ҳисса қўшиш имконияти, деб билади. Айтишича, вақт тақсимоти ва вазифалар устуворлиги тўғри белгиланса, бу соҳани мустақил ўрганиш ҳам мумкин.

«Ўрганиш учун манба етарли. Бу борада, мавзуларни чуқурроқ тушуниш ва амалий кўникмаларни ошириш учун YouTube’даги дарслардан ташқари, нуфузли олийгоҳларнинг назарий билим ва амалий машғулотларини ўз ичига олувчи Coursera курсларининг ҳамнафи тегиши мумкин», — дейди у.

Фойдаланувчиларга самарали ва эстетик жиҳатдан жозибали интерфейс ечимларини таклиф қилиш имкониятлари борлиги учун ҳам Замира front-end йўналишини танлаган. Кундалик турмушдаги мураккаб муаммоларга ақлли ва тизимли ечимлар яратиш, уларни креатив ҳал қилиш имкониятлари учун сунъий идрок билан боғлиқ янгиликларга қизиқади.

«Шу қизиқишим сабаб бир неча хакатон (қўйилган вазифани белгиланган вақт ичида тез, сифатли ва креатив бажариш бўйича дастурчилар мусобақаси)да қатнашдим. Охирги марта MLC ва MohirDev сунъий идрок мавзусида ўтказилган хакатонларда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олдим», — дейди у.

AI хакатон 2024. Фото: Замира Рустамованинг шахсий архивиданAI хакатон 2024. Фото: Замира Рустамованинг шахсий архивидан

Замира ҳозир хакатонларда тўпланган жамоа таркибида иккита янги, инновацион стартап-лойиҳа — Bilimheal ва HandiHub устида ишлаяпти. Bilimheal — бу мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган сунъий лаборатория бўлиб, фанларни виртуал реаллик (VR) технологиялари ёрдамида ўрганиш имконини беради. Бунда ўқувчилар онлайн платформада реал вақт режимида тажрибалар олиб бориши мумкин. HandiHub эса Ўзбекистоннинг қишлоқ жойлардаги ҳунарманд аёллари учун мўлжалланган электрон тижорат платформаси бўлиб, уларга ўз маҳсулотларини глобал бозорда сотиш имконини беради.

Бошқа соҳалар сингари дастурлашнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Ҳафсалани пир қилувчи лаҳзаларда ҳаммасига қўл силтагиси келиб қолса-да, муваффақиятли дамлардаги қониқиш ҳисси Замирага илҳом ҳам қатъият беради.

«Бу соҳада тез-тез янги технологияларни ўрганиш ва уларга мослашишдан ташқари, хатоларни аниқлаш ва тузатиш (debugging) ҳам кўп вақт олади. Айниқса, код катта ва мураккаб бўлса. Баъзи лойиҳаларнинг архитектураси ва интеграциялар мураккаб бўлади, бу эса уларни режалаштириш ва амалга оширишни қийинлаштиради», — дейди Замира.

Замира ҳамма — у хоҳ йигит бўлсин, хоҳ қиз — ўз қизиқиш ва орзуларига мувофиқ касб танлаши керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, «дастурлаш эркакларга хос» деган қараш аллақачон эскирган — IT’даги муваффақият инсоннинг жинсига эмас, балки билимию қобилиятларига боғлиқ.

Замира келажакда Массачусетс технология институти (МIТ)да ўқиб, Bilimheal ва HandiHub’ни кенгайтириш, шунингдек, давлат даражасидаги муаммоларни ҳал қилишга қодир стартап лойиҳаларни ишга тушириб, илмий тадқиқот қилишни ниятида.

«Имкон берилса, қишлоқнинг оддий қизи ҳам муваффақиятга эришади»

Дилафруз Жўрабоева Фарғона шаҳридаги 10 чет тилларга ихтисослаштирилган мактабнинг 10 синфида ўқийди. У .NET (дотнет) дастурий платформасида back-end (сайт, мобил ва десктоп дастурларнинг «экран ортидаги» қисмини ишлаб чиқиш) йўналишида фаолият олиб боради. Ҳозирда жамоаси билан «Яшил бозор» ва кўришда нуқсони бўлган шахсларга мўлжалланган ижтимоий лойиҳа устида ишламоқда.

акт, ахборот-коммуникация технологиялари, дастурлаш мактаби, дастурчи, дастурчи хотин-қизлар

Дилафрузнинг оиласида дастурчилар йўқ. Бир вақтлар чет тили ўқитувчиси бўлишни орзу қилган қиз ёзган кодлари ишламай қолганида, компьютер қаршисида ўтиравериб уйқу босганида ёки тартибсиз овқатланиш оқибатида мазаси қочганида «бўлди, тамом, бу ишларни йиғиштираман» деган фикр хаёлига бирров келадию, лекин бундай қилолмаслигини ич-ичидан билади — у ҳозир ҳаётини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилолмайди.

Кун келиб ўз шахсий тажрибаси ҳақида китоб ёзгудек бўлса, уни «SMM ниқобидаги дастурлаш» деб номласа ҳам бўлади. Бунинг ўзига яраша сабаби бор, албатта. У 14 ёшга тўлганида Фарғонада «Нажот Таълим» ўқув маркази иш бошлайди. Қаҳрамонимиз у ерда ижтимоий тармоқларда маркетинг (SMM)ни ўрганиш учун инглиз тили ва мантиқий фикрлашдан имтиҳон топширади.

«Икки кун ўтиб келган жавобда: „Сиз дастурлаш курсига муваффақиятли қабул қилиндингиз“, деб ёзилганди. Анкетани тўлдираётганимда қоғоз алмашиб қолиб, мен ўзим билмай дастурлаш курсиникини тўлдирган эканман. Ўзимни аллақачон SMM’да кўра бошлаганим учун аввалига ҳайрон бўлиб қолдим. Қолаверса, „дастурлашда фақат йигитлар бўлади“, дейишарди», — деб эслайди Дилафруз.

У фақат ўғил болалардан иборат гуруҳда ўқий олмаслигини, гуруҳида қизлар бўлмаса, SMM’да ўқиш учун қайта имтиҳон топшириш ҳақида ўйлай бошлайди. Ўқиш бошлангач бориб кўрсаки, гуруҳ тўла ўғил болалар. «Аммо кўп ўтмай бир қиз кириб келди. Қайсидир маънода айнан шу қиз дастурлаш курсида қолишимга сабабчи бўлди», — деди ўқувчи қиз.

Дастурлашни ўрганишга энди киришган вақти «барибир 18 ёшда эрга берворсанг, шунча пул тўлаб ўқитишнинг нима кераги бор?» дегувчилар кўп бўлганини эслайди. Дилафруз ўзи ўрганаётган йўналишдаги энг яхши олий таълим муассасаси — Массачусетс технология институти (АҚШ)га ўқишга кириб, сўнг универсал дастурчи (software engineer) сифатида Силикон водийсидаги энг зўр компанияда ишлаб, мана шундай стереотипик фикрловчиларга жавоб бермоқчилигини айтади.

«Болаликда яхшироқ таълим олишим учун қишлоқдан Фарғона шаҳрига кўчиб келган ота-онам бу сафар ҳам ўқишим учун қўлидан келган ҳаммасини қилди. Онам маънавий, отам эса моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлади — дарров компьютер ҳам олиб беришди. Ўша пайт бир ойлик ўқиш пули 1,6 млн сўм, тўлиқ курс эса салкам 1400 доллар эди — қиз боланинг мактабдан ташқари ўқишига ҳамма ҳам бунақа сармоя киритавермасди», — дея тушунтиради у.

Дилафрузнинг .NET дастурий платформасини ўрганиб, унинг ичига киришига бир йилча вақт кетган. Беш ойлик foundation курсида асосан алгоритмлаш, мантиқий фикрлашни ўрганган бўлса, аниқ бир йўналишга йўналтирувчи етти ойлик result босқичида .NET (дотнет)ни уни Ўзбекистонга олиб кирганлардан бири — устози Муҳаммадкарим Тўхтабоевдан ўрганган.

«Ўша вақтларда Ўзбекистонда Java’да дастурлашга талаб камайган, дотнет эса, аксинча, ўсишда экани боис устозларим энг катта ва оптимал, қолаверса, back-end учун энг яхши йўналиш шу деб, дотнетни ўрганишни тавсия қилган», — дейди у.

Танлаган йўналиши бўйича Фарғонада таълим йўқлиги учун Дилафруз 15 ёшидан Тошкентда ёлғиз ўқишга мажбур бўлган (бу даврда мактабдаги ўқишини ҳам Тошкентга кўчиришга тўғри келган). Дарс қилишдан ташқари дотнет бўйича YouТube’га контент тайёрлаш, конференцияларнинг ҳужжат ишларида ёрдамчилик қилиш унга яхши тажриба мактаби бўлган. Қизиқ, айни вақтда ўзига хос қийинчиликлари ҳам бўлган бир давр.

«8−9 нафар қиз бўлади дейилган квартирада 20 га яқин қиз яшаркан. Шу билан бошланган ижара машмашаси ярим йил мобайнида 7−8 маротаба турар жой алмаштириш билан давом этди. Ота-онамнинг қимматчи Тошкентдаги яшаш ва ўқишимга пул етказиб бериши осон бўлмади. Уларни қийнаб қўймаслик учун камроқ овқатланишга, пул тежашга ҳаракат қилардим. Бир ой иссиқ овқат емаган пайтим ҳам бўлган», — деб эслайди у.

Дастурлашни устоз-шогирд анъанаси бўйича ўргансанг, саволларинг нисбатан осон жавоб топасан, вақт ҳам тежайсан. Аммо дотнетни мустақил ўрганса ҳам бўлади, дейди Дилафруз. Масалан, ўзбек тилида Dotnet.uz дарслари, инглиз тилиси яхшиларга эса Microsoft Learn фойдали бўлиши мумкин. Қолаверса, сунъий идрок кундан-кун ақллилашяпти — масалан, ChatGPT’ни устоз қилиб, ундан муайян вазифа беришини сўраб, сўнг натижани текширтириб олиш ҳам мумкин.

Дилафруз ҳали 18 ёшга тўлмагани учун расман ишлай олмайди. Аммо у каби ўқувчилик вақтидаёқ дастурлашга қизиққан, бу борада маълум билим ва тажриба тўплаб улгурган ўсмирлар кўп. Дилафруз ўзи каби ёш дастурчиларнинг кам соат бўлса-да ишлаб чиқариш амалиётида бўлиши, корхоналарда ишлаши учун расмий имконият яратилишини хоҳлайди.

«Дастурлашни 14 ёшда бошласа, 4 йил ичида senior (юқори тажрибали дастурчи) даражасига чиқиш мумкин, лекин мен ёшим сабаб аксарият internship (ишлаб чиқариш амалиёти)ларга қабул қилинмаяпман, иш масаласида ҳам шундай. Курсни junoir (тажрибаси кам) дастурчи сифатида битиргач, даражани ошириш учун қаердадир ишлаш керак, шундоқ юраверилса, тажриба ўзидан ўзи кўпайиб қолмайди», — дейди у.

«Яшил бозор»нинг маркетплейс қисми. Фото: Дилафруз Жўрабоеванинг шахсий архивидан«Яшил бозор»нинг маркетплейс қисми. Фото: Дилафруз Жўрабоеванинг шахсий архивидан

У ҳозирда ҳамфикрлари билан экология учун манфаатли «Яшил бозор» номли мобил дастур устида ишлаяпти. «Унинг ўсимликлар сотиладиган маркетплейси қисми деярли битган. Ҳокимликлар ва эковолонтёрларни тизимлаштирадиган қисми эса ҳали жараёнда», дейди у. Шунингдек, у «Шамшир» номли мессенжерни ишлаб чиқиш лойиҳасида ҳам қатнашмоқда.

Унинг шу кунлардаги асосий мақсади — Microsoft Learn’нинг расмий ўқувчиси (Microsoft Learn Student Ambassador — МLSA) бўлиш. Ҳозир Ўзбекистонда Microsoft Learn’нинг икки нафар расмий ўқувчиси, шунингдек, икки нафар энг кучли эксперти (MVP) бор — MVP’лардан бири Дилафрузнинг устози Муҳаммадкарим Тўхтабоевдир.

«МVP'лар расмий ўқувчи бўлиш учун номзодимни қўйган, ҳозир Microsoft’дан расмий хат келишини кутяпмиз. Агар тасдиқлансам, расман Microsoft’нинг Ўзбекистондаги энг ёш ва илк қиз бола ўқувчиси бўламан», — дейди у.

«Болаларни мактабдаги дарсларга қизиқтирувчи стартаплар яратмоқчиман»

Ойшабону Нарзуллаева Тошкентдаги 27 мактабининг 9 синф ўқувчиси. У ҳозирда болаларда экологияга нисбатан тўғри муносабатни шакллантиришга ёрдам берадиган EarthExplorers ўйин дастури устида ишламоқда.

акт, ахборот-коммуникация технологиялари, дастурлаш мактаби, дастурчи, дастурчи хотин-қизлар

Ойшабону дастурлаш билан 11 ёшида, ўйинқароқлик ва қизиқувчанлик ортидан танишган. Дадасининг ноутбукида ўйин ўйнаётганида Sololearn платформасининг «Келажагингни кашф эт, дастурлашни ўрган» деган рекламаси эътиборини тортади. «Қани, нима экан бу», деб кириб, аввалига back-end, сўнг front-end нималиги ва қандай қилинишини ўрганишга уланган.

Кўпроқ нарса кашф қилгиси келиб, кейинроқ сунъий идрок ёрдамида ўйин дастурлашга қизиқиб қолган. Шу тариқа у дастурлашни дастлаб Sololearn, кейин эса Ҳарвард университетининг CS50 Computer Science курсидан мустақил ўрганган. Кўп ўтмай Тошкентда CС50 курси очилган, Ойшабону у ерга қатнаб, билимларини янада мустаҳкамлаган. Шундан бери ҳар гал код ёзаётганида ўзини худди хакердек ёки бошқа бир оламга тушиб қолган қаҳрамондек ҳис қилади.

«Оиламиздаги биринчи дастурчиман, шунга қарамай уйимдагилар эплаб кетишимга ишонч билдирган. Қариндошларимиз ота-онамга: „Бу қиз бола бўлса, IT’ни ўрганиб нима бор, хорижга чиқиб кетса нима қиласан?“, дейишган. Бу иш қиз болага ярашмаслиги, қизлар ўғил болалардек ақлли бўлолмаслигини айтувчилар кўплигидан сал қолса дастурлашни ташлаб юборай дегандим ҳам», — деб эслайди у.

У Unisat 2.0 дастурининг очилиш маросимига қатнашиб, дастурлашни ташлаш фикридан тўлиқ қайтган.

«Мен авваллари илмга чанқоқ, ақлли, IT’га қизиқувчи бунчалик кўп қизни кўрмагандим. Улар эришган ютуқлари, чет эл сафарлари ҳақида гапириб берганида роса ҳавасим келган. Ўзимдан бор-йўғи уч ёш катта қизларга қараб: „Мен ҳам шунақа бўлишим мумкин-ку, лекин ҳозир тўхтатсам, муваффақиятга эришолмайман“, деб ўйлаганман», — дейди Ойшабону.

Тарихдаги илк дастурчи аёл — Ада Лавлейс, икки карра Нобель мукофоти соҳиби бўлган Мария Кюри ҳам ўз даврида «бу аёлларнинг иши эмас», «аёллар бундай ишларни эплай олмайди» деган таҳқирловчи гапларни эшитган. Аммо улар бу гап-сўзларга парво қилмай, ўзи танлаган йўлдан кетгани учун ҳам тарихда қолган, дейди суҳбатдошимиз. Ойшабонуга ҳам айнан ота-онасининг қўллови куч берган.

Унинг фикрини ўзгартирган Unisat 2.0 дастуридан кўп ўтмай, Tumaris Hack хакатонида ўзидан 10−15 ёш катта қозоғистонлик ва қирғизистонлик қизлар билан бир жамоа бўлиб қатнашган. Жараён стрессли кечган, камига ментори (хакатондаги устоз)дан гап ҳам эшитганига қарамай, айнан ўшанда у танқидни тўғри қабул қилиш ва жамоа билан ишлашни ўрганган. Кейинчалик Technovation Girls, Girls Who Code ва TechGirls каби дастурларда финалга ва ярим финалга чиққан.

«Болалар учун фойдали лойиҳалар қилгим келади. Токи, улар кичкиналигига қарамай, ҳар қандай вазиятда ҳам роллари катталигини ҳис қилсин. Экологик мавзудаги EarthExplorers ҳам шундай лойиҳалардан бири. Бу лойиҳамиз Technovation Girls’да яхши бал тўплаган, Storily’да 2-ўринни олган», — дейди у.

Бу лойиҳага киришишдан аввал Ойшабону 6−10 ёшли болалар орасида «Кўчага чиқинди ташлайсизми, ортингиздан чиқиндиларни йиғиштирасизми?», каби саволлар билан сўровнома ўтказган. «Нима фарқи бор, чиқиндиларни ташласак ҳам ҳеч қандай зарари йўқ, ерда ўзи йўқолиб кетади-ку», қабилидаги жавоблардан ташвишланган дастурчи бунга креатив ечим топгиси келган.

EarthExplorers’нинг лойиҳавий кўриниши. Фото: Ойшабону Нарзуллаеванинг шахсий архивиданEarthExplorers’нинг лойиҳавий кўриниши. Фото: Ойшабону Нарзуллаеванинг шахсий архивидан

EarthExplorers’да жараён 12 босқичдан иборат бўлади. Ўйин бошланганида харита чиқади, унда биринчи бўлиб Ўзбекистон кўринади. Ўйинчи ҳар босқичда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги чиқиндилар сочилиб ётган паркларга тушиб қолади. Вазифа — чиқиндиларни йиғиб, қутига ташлаш, ўрнига эса кўчат ёки ўсимлик экиш. Вазифаларни бажарган сайин балл йиғилади ва кейинги босқичга ўтилади. Ҳар янги босқичга ўтганида экологик аҳволнинг яхшиланишига қанчалик ҳисса қўшгани ҳақида хабар берилиб, рағбатлантириб борилади.

«Ўйинчиларнинг мобил дастурда эришган натижаси билан ижтимоий тармоқларда бўлишиши мумкин бўлади. Шу тариқа, ўзини қаҳрамондек ҳис қилган болалар табиатга қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўрганади. Шунингдек, дастурнинг ўйинчиларга VR/АR шлеми ёрдамида гулларни қаерга, қандай экишни ўргатадиган қисми ҳам бўлади», — тушунтиради у.

Ойшабону табиий фанларни яхши кўради. Шу боис келгусида шу йўналишда стартаплар ишга тушириб, география, кимё ва физикани зерикарли деб ўйлайдиганларнинг фикрини яхши томонга ўзгартириш ниятида.