Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги мактаблардан бирида ўтказилган тадбирда ҳаво совуқ бўлишига қарамай ўқувчи қизларнинг юпун ҳолда меҳмонларини кутиб олаётгани акс этган сурат тарқалди.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати «Газета.uz»га мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борганини маълум қилди.

Аниқланишича, ҳолат 14 февраль куни вилоятнинг Қибрай туманидаги 29-мактабда кузатилган. Бироқ, тадбир мактаб эмас, «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди ва «Янги йўл» МФЙ томонидан ташкил этилган.

«Маҳалла фуқаролар йиғини тадбирни ўтказиш учун Қибрай туман халқ таълими тасарруфидаги 29-сонли мактабнинг фаоллар залидан фойдаланган. Ташкилотчилар ўқувчи қизлардан тадбирга таклиф этилган меҳмонларни кутиб олишда амалий ёрдам беришларини сўраган. Мактаб раҳбарияти бунга розилик билдирган ва ҳаво совуқ бўлишига қарамай ўқувчи қизларни юпун кийимда меҳмонларни кутиб олишга жалб этган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, суратда «Олтин меърос» жамғармасининг раҳбари Амирқул Каримов ва «Олтин меърос» жамғармасининг вилоят бўлими бошлиғи Зарифа Эшмирзаевани кўриш мумкин.

Вилоят ХТБ бу каби ҳолатларни кескин қоралаши ва мактаб раҳбариятини бу каби ҳолатларга эътиборли бўлишга чақирганини билдирди. Мазкур ҳолатга йўл қўйган мактаб раҳбариятига чора кўрилиши маълум қилинди.