«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Россияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга келишлари учун навбатдаги махсус поездлар қатнови йўлга қўйилишини маълум қилди.

Маълумотга кўра, Волжский — Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган 483-сонли поезд 18 ва 25 февраль кунлари Москва вақти билан соат 20:50да «Волжский» темир йўл вокзалидан ҳаракатни амалга оширади.

Компания мазкур поездга фақат бир томонга, яъни «Волжский — Тошкент» йўналишига чипталар сотилишини маълум қилган. Шунингдек, чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган.

Россиядаги фуқароларнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг веб-сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилиб, интернет орқали уларга жўнатишлари ҳам мумкин, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, фуқаролар керакли маълумотларни Тошкент шаҳридаги 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олишлари мумкинлиги айтилган.