Murad Buildings компанияси асосчиси Мурод Назаров Шоира Мирсодиқовага берган интервьюсида олтин зарраси қўшилган Ocard сув бренди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли эканини маълум қилди.

Таъкидланишича, Мурод Назаров ушбу Ocard сув бренди реклама ролигида Жеймс Бонд ролини ижро этган. «Ocard учун рекламага тушдингиз. Сув ўзингизникими?», — дея савол берган блогер.

«Йўқ-йўқ, сув устозимиз Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизлариники. Суратга олиш ишлари қизиқ жараён бўлган», — дея жавоб берган Мурод Назаров. У рекламада бепул иштирок этганлигини ҳам қўшимча қилган.

Orginfo.uz маълумотларига кўра, Ocard савдо белгиси патенти 2021 йилнинг 23 март куни J-United Group МЧЖ томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Манба: Orginfo.uz

КТЯДРга мувофиқ, J-United Group таъсисчиси эса Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳисобланади, компания 2002 йилнинг 27 августида давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу компаниянинг фаолият тури сифатида истироҳат ва тематик боғлар кўрсатилган.



Манба: Давлат статистика қўмитаси.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январь ойида «Газета.uz» Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир қатор компанияларда ягона таъсисчи эканлиги ҳақида ёзган эди. Унга кўра, Dream Production (100%, айрим тоифаларга киритилмаган бошқа машина, ускуна ва моддий бойликларни ижара ва лизингга бериш), Vedanta Production (100%, нотурар-жой биноларни ижарага бериш ва бошқариш), Ekzotella (100%, нотурар-жой биноларни ижарага бериш ва бошқариш),Sky Wind Systems (100%, маиший электроника қурилмаларини ишлаб чиқариш), Techno Profil (100%, нотурар-жой биноларни ижарага бериш ва бошқариш) ва «Ўзгазлойиҳа» (34,47%) компанияларида улушга эгалиги баён қилинганди. Бироқ, 2021 йилнинг май ойи охирларига келиб, у юқоридаги рўйхатдан фақат Ekzotella и Techno Profil компанияларида ўз улушини сақлаб қолган.