Фарғона вилояти Транспорт бошқармаси ходими тадбиркордан пора олаётган вақтда ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Фарғона вилояти Транспорт бошқармасининг автомобиль ташувларини назорат қилиш бўлими бош инспектори Д.М. аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи «З.Ф.» МЧЖга Фарғона шаҳридаги 30-автомобиль йўналишини 1 500 АҚШ доллари эвазига 3 йилга бириктириб беришни ваъда қилган.

Бошқарма ходими МЧЖ раҳбари З.дан 1 000 АҚШ долларини олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.