Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан бўлган огоҳлантиришларга қарамасдан, 15 февраль куни эрталаб Космонавтлар майдонида Владимир Жанибеков ҳайкали атрофидаги гранит плиталарни кўчириш ишлари давом эттирилди.

«Газета.uz» мухбири Космонавтлар майдонида бўлиб, мутахассислар ва ҳокимият вакиллари фикри билан қизиқди.


Набихўжа Ғаниев. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Тошкент маданий мерос бошқармаси бош мутахассиси Набихўжа Ғаниевнинг маълум қилишича, майдонда ўрнатилган Владимир Жанибеков ҳайкали («Коинот» мажмуаси), моддий ва маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган ва давлат томонидан муҳофаза қилинади. Объект оператив бошқарув ҳуқуқи асосида туман ободонлаштириш бўлими балансида туради.


Унинг айтишича, маданий мерос объектларидан 100 метргача бўлган туташ ҳудуд ҳам давлат муҳофазасида бўлади, бироқ ҳайкал атрофида чегара белгилари ўрнатилмаган.

«Бу жойнинг бузилаётгани ҳақида якшанба куни хабар топдим. Воқеа жойига етиб келганимда, ишлар тўхтатиб қўйилганди. Куни кеча уларга ишларни Маданий мерос агентлигидан рухсат олгачгина бошлаш кераклиги ҳақида огоҳлантириш хатини киритдим. Тадбиркор [ишлар бошлангани ҳақида] огоҳлантирмасдан бошлаб юборган. Компанияда [ҳокимиятдан] яроқсиз ҳолатга келиб қолган плиткани янгилаш ҳақида буйруқ келганини айтишди», — дея таъкидлаган бошқарма вакили.


Набихўжа Ғаниевнинг айтишича, бузиш ишларини амалга ошираётган Mimar Group компанияси, шу пайтга қадар бу иш учун рухсат олган эмас, сабаби, компания хатини Маданий мерос агентлиги қошидаги илмий-экспертлар кенгаши кўриб чиқиши керак, бу учун 30 кунлик муддат белгиланган.

У, шунингдек, қурувчи компания ҳокимиятнинг шошилинч топшириғи туфайли рухсат олиш тартиби муддатини бузган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. «Қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Бу масала устида юристлар ишлашмоқда. Қонунбузарлик ҳолатлари учун биз чора кўра олмаймиз, бу суд томонидан кўриб чиқилади», — деди агентликнинг бош мутахассиси.


Маданий мерос агентлиги матбуот котиби Моҳинур Имамова лойиҳа агентлик кенгаши томонидан маъқуллангунига қадар, қурилиш ишлари тўхтатиб турилиши кераклигини қўшимча қилди.

Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдиновнинг таъкидлашича, майдонда қурилиш ишлари олиб борилмаяпти, ҳайкал ҳам бузилаётгани йўқ, балки плиткани янгилаш ва «ўта хароб аҳволда бўлган» ҳудудни ободонлаштириш режалаштирилган. У шаҳар ҳокимлиги аҳолига қулайлик яратиш мақсадида «яхши мақсадларни кўзлаганини» таъкидлади.


«Биз майдондаги плиткаларни янгиламоқчимиз, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши учун ҳудудни замонавий бир тусга келтирмоқчимиз», — деди у.

Туман ҳокими, Маданий мерос агентлиги мутахассисларининг ташрифидан сўнг ишлар вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Ҳокимнинг айтишича, ишлар тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач давом эттирилади. Бироқ, шунга қарамасдан, мақола чоп этилган вақтда ҳам ишлар давом эттирилаётганди.


Пиёдалар майдонни йўлнинг транспорт қатнови қисмидан айланиб ўтишга мажбур бўлишмоқда. «Газета.uz» томонидан ушбу муаммога эътибор қаратилгач, туман ҳокими Анвар Сайфутдинов одамларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратилишини айтди.

Анвар Сайфутдиновнинг таъкидлашича, туман ҳокимлиги режалаштирилган ишлар ҳақида «шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни бўлгани туфайли» олдиндан хабар бера олмаган.

«Расмий изоҳ бугун эрталаб эълон қилинган. Шанба дам олиш кунига тўғри келди. Вақтида хабардор этмаганимиз учун узр сўраймиз», — деди у.


«Газета.uz» мухбири лойиҳа катта эҳтимол билан икки-уч кунда тайёрланмагани, балки бунга узоқ муддат тайёргарлик кўрилгани, бу ишлар доирасида пудратчи танланиб, лойиҳа эскизи тайёрланган бўлиши мумкинлигини айтди.

«Қандайдир англашилмовчилик бўлди. Биз узр сўраймиз. Лекин бугун ҳаммасини тушунтирдик», — деди бунга жавобан туман ҳокими.

Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Фахриддин Давруков, «Газета.uz» саволига жавоб берар экан, лойиҳа қиймати ҳозирда ҳисоб-китоб қилинаётгани, пудратчи эса тендер орқали (таҳририят бу ҳақда ҳокимият сайтида ёки давлат харидлари порталида маълумот топа олмади) танланганини айтди.

Фото: Яккасарой туман ҳокимлиги.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Азизбек Қурбонов ободонлаштириш ишларидан сўнг майдон концепцияси ўзгаришсиз қолишини маълум қилди. Майдонда ёритиш мосламаларини ўрнатиш, янги гранит плиталарини ётқизиш режалаштирилган. Аммо, сешанба куни тақдим этилган эскизга кўра, плиталар оч рангда бўлиши кутилмоқда. Мутахассис эса майдоннинг қора плиталар ётқизилган қисми сақланиб қолади, дея ишонтирганди.


Майдоннинг аввалги кўриниши. Манба: Google Хариталар.

У шунингдек, парклар ва яшил зоналарни ташкил этиш бўйича ишлар Ўзбекистон президентининг, инсон қадри индексини яхшилаш бўйича берган кўрсатмаларига асосан амалга оширилаётганини қайд этган эди.

Кейинроқ майдонга пойтахт ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев ҳамда бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовлар келишди. Ҳоким лойиҳа давлат бюджетидан эмас, балки Akfa компанияси ҳисобидан молиялаштирилаётганини маълум қилди.