Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси ва Миллий гвардия томонидан ўтказилган рейдда 23-сонли мактаби ҳудудида ноқонуний дарахт кесилганлиги аниқланди.

Экологлар томонидан кесилган дарахтлар саноқдан ўтказилганда мактаб ҳудудида турли хил диамертдаги 7 дона қайрағоч дарахти кесилганлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 2 млн 700 минг сўм жарима ҳамда 592 минг сўм зарар қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.

Аввалроқ, 40 га яқин дарахт кесилгани учун Қарши давлат университетининг 6 нафар ходимига нисбатан иш очилганди. Ўшанда Қўмита кесилган дарахтлар туфайли ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 млн 543 минг сўмни ташкил этишини маълум қилганди.

Январь ўрталарида Андижон вилояти перинатал марказида 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Ўзбекистон Экология давлат қўмитаси «дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳудуддаги дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган. Мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган», — деб маълум қилган эди.

Яна бир ҳолатда Андижон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахт кесилди. Дарахтларнинг кесилиши Экология қўмитаси билан келишилмаган. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов дарахтларни кесишга буйруқ берганини ҳокимлик матбуот хизмати рад этди.