Давлат божхона хизмати органлари томонидан йирик миқдорда — оғирлиги 245 кг 200 граммга тенг гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистон ҳудудига яширин равишда олиб кириш ҳолати фош қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қўмита хабарига кўра, гиёҳванд воситалар Тожикистондан Россия Федерациясига қараб йўл олган 21 тонна 649 кг пахта толаси ортилган юк машинасида аниқланган. Машина «Ойбек» чегара-божхона постида тўхтатилган.

Божхона ходимлари кўрик давомида юк орасида шубҳали объектлар борлигини кўриб қолиб, юк автотранспорт воситасини чуқурлаштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилишади. Юк автотранспорт воситаси хавфсизлик нуқтаи назаридан чегара-божхона постидан чеккароқ ҳудудга — «Янгийўл» божхона пости тасарруфидаги божхона омборида текширувдан ўтказилади.


Хабарга кўра, юк орасидан 232 дона дона турли ранглардаги скотчларда, турли усулларда ўралган гиёҳвандлик воситалари топилади. Ўрамларнинг жами оғирлиги ўрами билан биргаликда ҳисоблаганда 245 кг 200 граммни ташкил қилган. Экспертиза хулосаси уларнинг барчаси «героин» гиёҳвандлик воситаси эканлигини тасдиқлаган. Мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган героиннинг соф оғирлиги 229 кг 719 граммни ташкил қилганлиги айтилди.

Божхона қўмитасининг маълум қилишича, ушбу наркотик воситаларнинг Европа «қора бозорлари»даги нархи ҳозирда ўртача 12−14 млн АҚШ долларини ташкил қилмоқда.