Душанба куни пойтахтдаги Космонавтлар майдонида Владимир Жанибеков ҳайкали атрофидаги гранит плиталари кўчириб ташлангани маълум бўлди. Мазкур хабар ва фотосуратлар «Газета.uz»да эълон қилингандан сўнг, Маданий мерос агентлиги ҳудудни демонтаж ишлари рухсатсиз бошланганини аниқлади.

1984 йилда очилган «Коинот» ёдгорлиги (расмий номи) монументал санъат ёдгорликлари рўйхатига киритилган ва (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан) давлат муҳофазасига олинган.

Қонунчиликка мувофиқ, маданий ва моддий мерос обектларида қурилиш, таъмирлаш ва реставрация ишларини фақат Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши тасдиқлаганидан кейин амалга оширишга рухсат берилади. Юқоридаги ҳолатда эса демонтаж ишларига бу каби рухсат олинмаган.

Маданий мерос агентлиги ходимлари ҳодиса жойига боргач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан обектнинг атрофига ётқизилган мармар (бурчаткалар)ни алмаштириш режалаштирилганини аниқлади. Ёдгорлик бузилмаган, реконструкция қилаётган Mimar Group`га эса огоҳлантириш берилган. Иш тўхтатилди, дейилади агентлик баёнотида.

Якшанба куни майдоннинг пастки қисмидаги плиталар бузилган бўлса, душанбанинг иккинчи ярмида бевосита ёдгорлик оёғи остига ётқизилган қора мармар плиталарни синдиришга улгуришган.

Тошкент шаҳри ва Яккасарой тумани ҳокимликлари қурилиш ишлари бошланиши ҳақида ҳеч қандай хабар эълон қилмаган. Плиталар реконструкция қилингандан кейин ҳам расмий изоҳлар берилмади.

Космонавтлар майдони силлиқ юзаси туфайли ролик ҳамда скейтда учувчилар учун севимли жой ҳисобланади. Якшанба куни майдондаги ишчиларнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бу ерда яшил ҳудуд ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, улар эски плиталарнинг аҳволи ёмон эканини таъкидлаган.

Қолаверса, аввалроқ ИИВ биносининг рўпарасида жойлашган ҳудуд девор билан ўралгани сабабли пиёдалар йўл бўйлаб ҳаракатланишга мажбур бўлаётгани ҳақида ҳам ёзган эдик.

Mimar Group ҳақида

Mimar Group`нинг веб-сайтидаги маълумотларга кўра, хусусий қурилиш компанияси 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган — турар-жой массивлари қурилишидан тортиб, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар қурилишигача.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) маълумотларига кўра, компания 2021 йилнинг июль ойида рўйхатдан ўтган, асосий фаолият тури турар-жой биноларини қуриш. Таъсисчилар Алишер Абдубаситович Ғаниев (57,9%) ва Козимбек Ўткирович Яминов (42,1%), раҳбар — Ферузбек Давронов ҳисобланади.

Компания 71 гектар майдонда Tashkent INDEX савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиш лойиҳасини амалга оширмоқда, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғи қурилишида, пойтахтдаги «Шаҳидлар хотираси» майдонини реконструкция қилиш ишлари, Чирчиқ дарёси соҳилидаги Олимпия шаҳарчаси ва бошқа лойиҳаларга жалб қилинган.