15 феврлаь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида эркак ўзини бешинчи қаватдан ташлашга уринди. Ҳодисани Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлади.

Таъкидланишича, интернет тармоқларида тарқалаётган хабарларда ўзини бешинчи қаватдан ташламоқчи бўлган эркак ушбу университет ходими сифатида кўрсатилган.

Бироқ, эркак университет ходими эмас, шу олий таълим масканидаги қурилишда ишлаган, 40 ёшдан ошган ёлланма ишчи эканлиги айтилмоқда. Эркак маошини ололмагани сабабли, ўз норозилигини шу тарзда намойиш этишга уринган.

Ҳодисадан хабар топган Олмазор туман ИИБ ФМБ бошлиғи Маҳкам Вафоев воқеа жойига бориб, эркак билан музокаралар ўтказган ва уни пастга тушишига ёрдамлашган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати раҳбари сал вақт ўтиб, «фуқаронинг олий таълим муассасасига алоқаси йўқлиги ва у университет ходими эмаслиги» ҳақида аниқлик киритди.

«Ушбу ҳолат бўйича қурилиш ташкилоти раҳбарлари, ИИБ ходимларига зудлик билан хабар берилган. Шундан сўнг, фуқаро билан гаплашилиб, унга қурилиш ташкилоти томонидан иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланган», — дейилади хабарда.