Январь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида жадал ўсиш кузатилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) «Газета.uz»га маълум қилди.

Марказ таҳлилларига кўра, 2022 йил январь ойида 113,2 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг январига нисбатан 126,4 фоизга, 2020 йил январь ойига нисбатан эса 138,4 фоизга кўпроқ ҳисобланади. Шу билан бирга 2021 йилнинг декабрига нисбатан ўсиш суръати 96,5 фоизни ташкил этди.

Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатдан ўтган автомобиллар сонини ўзгариши индекси

Январь ойида бирламчи бозордан сотиб олинган автомобиллар сони 27,9 мингтани ташкил этган. Йил бошидан буён автомобиллар савдоси 2021 йил декабрь ойига нисбатан 2,7 фоизга ошди.

Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг кескин даражада ўсишини 2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳамда олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божини БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) миқдорида белгиланиши билан изоҳлашмоқда.

Иккиламчи бозор

Қайд этилишича, 2022 йил январь ойигача фуқаролар иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилларни олди-сотди шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказишда ортиқча харажатларга йўл қўймаслик учун «умумий ишончнома» (гендоверенность) расмийлаштиришни афзал кўрган. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар натижасида аввал «умумий ишончнома» бўйича автомашина сотиб олган фуқаролар автотранспортни ўз номига расмийлаштира бошлаган.

«Бозорнинг ўсиши асосан фойдаланилган автомобилларни сотиш ва сотиб олиш ҳисобига таъминланди. Иккиламчи бозорда харид қилинган автомобиллар сони 85,3 мингтага (2021 йил декабрига нисбатан ўсиш 180 фоиздан кўпроқ) етди», — дейилади ИТИМ маълумотида.

2021−2022 йилда бирламчи ва иккиламчи бозорларда сотилган автомобиллар

Иккиламчи бозордан сотиб олинган автотранспорт воситаларини расмийлаштиришлар сони энг кўп бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри — 13,6 минг (2021 йил декабрда — 2,1 минг), Самарқанд — 9,7 минг (3,7 минг), Фарғона — 9 минг (2,9 минг), Наманган — 8,1 минг (2,7 минг), ва Андижон — 7,2 минг (2,3 минг) вилоятлари бўлди.

Янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони Самарқанд (95,6%), Сурхондарё (89,4%), Навоий (75,4%) ва Фарғона (60,5%) вилоятларида сезиларли даражада ошган бўлса, Тошкент шаҳрида (-44,7%) ва Тошкент вилоятида (-0,9%) камайиш кузатилди.

2021−2022 йил январь-ноябрь ойларида ички бозорда сотилган янги енгил автомобиллар

Шунингдек, «иномаркалар» олди-сотди шартномалари сони 1,9 мингтани ташкил этиб, 2021 йил декабрь ойига нисбатан 41 фоизга камайган (2021 йил январь ойига нисбатан ўсиш — 71%).

Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни Ўзбекистонда машинасозлик саноатини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди, ва мазкур йиғилиш асносида ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш зарурлигини қайд этди.

Шу билан бирга, президент йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига 3 кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга — 30 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берди.