Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчасида жойлашган «Анҳор-Локомотив» кўнгилочар ва дам олиш боғи сотувга қўйилди. Бу ҳақдаги эълон «E-AUKSION» электрон савдо платформасига жойлаштирилди.

2016 йилда қурилган ҳудуднинг бошланғич нархи 376 млрд 485 млн 703 минг сўмга баҳоланган (объект нархи ҚҚС билан кўрсатилган). Сотиб олиш учун закалат пули миқдори эса 18,8 млрд сўмга (5%) тенг.

Фото: E-Auksion.

Ер участкасининг умумий майдони 8,35 гектар. Унинг 1,795 гектар қисмида қурилиш ишлари мавжуд.

Бинонинг умумий майдони — 17950 кв. метр, унинг фойдали қисми эса 41466 кв.метрни ташкил қилади. Электр энергияси, газ, сув ва канализацияси мавжуд, биноларнинг ҳолати яхши.

Фото: E-Auksion.

Боғ аттракционлар ва бинолар билан бирга сотувга қўйилган. Объектнинг сотувчиси эса — Anhor Sayli компанияси ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, хизмат кўрсатиш объектининг 1821 кв. м ҳудуди ўзбошимча эгалланган бўлиб, ноқонуний қурилган бино ҳозирги кунда бузилмоқда.

Аризалар 18 март соат 9:00 гача қабул қилинади, аукционнинг ўзи соат 10:00 да бўлиб ўтади.

Spot`нинг ёзишича, бу E-auksion`даги — нафақат ҳозирги пайтда, балки онлайн-аукцион бошланган даврдан бери — энг қиммат лот ҳисобланади. Бундан олдинги рекорд собиқ ГУМ (Тошкент савдо маркази) биносига тегишли, у 2021 йилнинг январида 242,8 млрд сўмга сотилганди.