11 февраль куни Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида Гулнора Каримова ва унинг шериклари томонидан жиноий фаолиятдан орттирилган ва қонунга хилоф равишда мамлакатдан ташқарига олиб кетилган мол-мулкларни қайтариш бўйича БМТнинг кўптомонлама траст жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Адлия вазирлигининг хабар беришича, жамғарма Швейцарияда давом этаётган жиноий иш доирасида келажакда мусодара қилинадиган ҳар қандай қўшимча активларни қайтариш учун хам хизмат қилади.

«Ҳозирги кунда тахминан 131 млн АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр», — дейилади хабарда. Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ваколатли давлат органларининг Гулнора Каримова томонидан жиноий йўллар билан эгалланган мол-мулкларини мамлакатга қайтариш бўйича амалга ошираётган ишлари натижасида яқинда Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилди.

Жамғарма бошқарув механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакилларидан ташкил топади. Шу орқали Швейцария ва Ўзбекистон активларни қайтариш жараёнига тўлиқ жалб этилади. Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (UNSDCF)га мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади.

Ушбу лойиҳалар жамғарма фаолиятида иштирок этувчи БМТ тизимидаги ташкилотлар томонидан бошқа ижрочи шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Барча лойиҳалар БМТнинг қоида ва низомлари асосида тузилган жамғарманинг мониторинг ва баҳолаш тизимига мувофиқ назорат қилиб борилади. Фуқаролик жамияти институтлари Жамғарма фаолиятида маслаҳатчилар сифатида иштирок этади.

Жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлайди. Ушбу келишув имзоланганидан кейин Жамғарма ва унинг фаолияти ҳақида қўшимча батафсил ахборот берилади.

Бундан ташқари, Москва шаҳар суди томонидан Ўзбекистон судларининг Гулнора Каримова ва унинг шерикларига нисбатан чиқарган ҳукмлари тан олинди ва ҳозирда Россия томони билан Ўзбекистон Республикасига қайтариш учун мусодара қилинган мол-мулкларни сотишни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Қайтарилган маблағлар Ўзбекистон аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 мартда Тошкент шаҳар суди ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган эди.

2019 йил март ойида АҚШ Гулнора Каримова ва «Ўздунробита»нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовни коррупция ва 865 млн доллардан кўпроқ пулни «ювган"ликда айблаган эди. 24 июнда эса Швейцария Бош прокуратураси Каримова иши бўйича музлатилган 130 млн швейцар кронаси [$133,7 млн] миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилган эди.

2020 йилнинг май ойига келиб, Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган. Сентябрга келиб, Швейцария ҳукумати мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришганини маълум қилди. Ўшанда Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» ижтимоий тармоқларда Каримованинг соғлиги оғирлашганига оид тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланган эди. «Унинг аҳволи яхши, COVID-19`га чалинмаган, ўпка пневмонияси ҳам йўқ», — дейилганди хабарда.