13 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон-Арманистон чегарасида ҳарбий тўқнашув юз берди. Томонлар ўқ отишни бошлаганликда бир-бирини айблади. Икки давлат ҳарбий хизматчилари орасида қурбонлар мавжуд.
Швейцария суди Гулнора Каримова ва унинг жиноий шерикларининг $336 млн маблағларини мусодара қилди. Қўшимча $350 млн маблағларни мусодара қилиш масаласи кўрилмоқда. Бошқа давлатлардаги активларнинг умумий ҳажми 14,3 трлн сўмга тенг. Бу маблағларга 1400 тадан ортиқ мактаб қурса бўлади.
Украина қўшинлари қарши ҳужум бошланганидан бери Россия босиб олган 70 км гача ичкаридаги позицияларга силжишга муваффақ бўлди ва рус қўшинлари апрель ойидан бери эгаллаган 3000 кв кмдан кўпроқ майдонни қайтариб олди, дейилади ISW ҳисоботида. Уруш 2023 йилгача давом этиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон президенти шу ҳафта ШҲТ саммити доирасида Самарқандда ХХР раиси Си Цзиньпин, Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳамда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказади. Улар ўзаро ҳамкорликдан ташқари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади.
Шу ҳафта Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммитида 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда, деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов. Улар қаторидан Эронни ташкилотга киритиш учун мажбуриятлари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлари аъзолигини кенгайтиришга оид ҳужжатлар ўрин олган.
Шавкат Мирзиёев Буюк Британия қироли Чарлз III`га тахтга ўтиргани муносабати билан табрик йўллаб, дўст Бирлашган Қироллик халқига тинчлик-осойишталик, давомий равнақ тилади.
Ўзбекистон президенти Афғонистонни «ШҲТ маконининг ажралмас қисми» деб атади. «Унга биргаликда ёрдам қўлини чўзиш, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш ва шу орқали кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиш — бизнинг маънавий бурчимиздир», — деди у.
Ўзбекистон президенти ШҲТни «маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма», деб атади. Шу сабабли ташкилотга қўшилиш истагидаги давлатлар сони ортиб бормоқда, деди у.
Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Самарқанддаги саммити арафасида эълон қилинган мақоласида халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётганини таъкидлади. У «глобал даражада ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётганини» — асосий сабаблардан бири сифатида қайд этди.
Ўзбекистон Афғонистонга 58 тонналик зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди. Юклар Балх вилояти шимолидаги Калдор туманига етказиб берилди. Сурхондарё ҳокимлигига кўра, бу галги ёрдам оғир шароитда яшаётган оилаларга тарқатилди.
Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқ давлатлари парламентларининг аёл раҳбарлари саммити якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди. Саммит COVID-19 пандемияси оқибатлари, гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини парламентар даражада белгилаш мақсадида ўтказилди.
Стратегик ривожланиш агентлиги негизида президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди. Агентлик алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш таклифларини ишлаб чиқади ва унинг бажарилишини назорат қилади. Унинг бош директори ва ўринбосарлари президент томонидан тайинланади.
Владимир Норов ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланди. У 27 апрелдан буён ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шавкат Мирзиёев қирол Карл III`га йўллаган ҳамдардлик мактубида Елизавета II`ни 70 йилдан ортиқ вақт давомида «мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган буюк давлат арбоби эди» деб атади.
32 йил ичида илк марта БМТТДнинг Инсон тараққиёти индекси 2 йилдан бери кўп мамлакатларда инқирозлар туфайли пасайиб бормоқда. Ўзбекистонда эса ушбу индекс ўсишни қайд этмоқда. Шунга қарамасдан, мамлакат янги глобал муаммоларни ҳал қилишга тайёр туриши керак, деб ҳисоблайди БМТТД.
9 сентябрдан «Реклама тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Унга кўра, бир қанча янги тартиб ва чекловлар ўрнатилмоқда. Хусусан, энди рекламанинг ўзи давлат тилида тарқатилиши шарт. Қолаверса, миллий ва оилавий анъаналарга зид образлар, машҳурлар ва тиббиёт ходимлари сиймосидан фойдаланиш тақиқланади.
МДҲ давлатлари ички ишлар вазирлари томонидан ташкилотга аъзо мамлакатлар миллий қонунчилигига мувофиқ блокировка қилиниши шарт бўлган интернет-ресурсларнинг ягона реестрини яратиш муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев парламентлар аёл раҳбарларининг халқаро саммитида доирасида мамлакатда бўлиб турган Парламентлараро иттифоқ раиси ва бош котибини қабул қилди. Шунингдек, Озарбайжон, Туркманистон парламент раҳбарлари, Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси ўринбосари билан учрашди.
ШҲТнинг бўлажак саммити кун тартибида глобал геосиёсий инқирозлар ҳақида бирор гап йўқ ва унинг ҳужжатларида геосиёсий мақсадларни кўзловчи масалалар юзасидан баёнот ва чақирувлар бўлмайди, деди Ўзбекистоннинг ШҲТдаги миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов.
Тошкентда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтмоқда. Унда Сенат раиси Танзила Нарбаева пандемия ва жаҳондаги геосисёсий вазият туфайли келажак қандай бўлишини башорат қилиб бўлмаётганини таъкидлади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг