Ҳар бир томоннинг манфаатларига жавоб берадиган халқаро ҳамкорликни кўп томонлама институтларсиз амалга ошириб бўлмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида эълон қилган мақоласида ёзмоқда.

«Ушбу институтлар фаолиятидаги муайян камчиликларга қарамасдан, минтақавий ва глобал миқёсда давлатлараро ҳамкорликнинг энг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилиб келяпти. Улар мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш хамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантиришга ёрдам беради», — деди давлат раҳбари.

«Кўп томонлама фаолиятга асосланган энг ёш институтлардан бири — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти айнан мана шундай мақсад ва вазифаларни кўзлайди. Бу ташкилот маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилмадир. «Тарихан қисқа даврда ШҲТ катта йўлни босиб ўтиб, глобал сиёсий ва иқтисодий тизимнинг ажралмас қисмига айланди», деб қатъий ишонч билан айтиш мумкин, дейилади мақолада.

«Бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти — улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотдир. ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги унинг фаолияти асосини ташкил этадиган қуйидаги тамойилларда намоён бўлмоқда: Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик», — дея таъкидлади президент.

«ШҲТнинг муваффақият гарови — минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суришдадир. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим. Шу сабабли ҳам ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция халқаро ва минтақавий муносабатлар тизими трансформация жараёнини бошидан кечираётган бугунги шароитда яққол кўзга ташланмоқда», — деди у.

Президентнинг фикрича, ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга экани ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

«Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий Ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради», — дейилади мақолада.

«Янги синовлар ва имкониятлар вужудга келаётган бугунги дунёда ШҲТнинг трансформацияси ва юксалиши учун нафақат аъзолар сонининг кўпайиши ҳисобига, балки ташкилот ривожининг янги стратегик йўналишларини илгари суриш орқали кенг истиқболлар мавжуд. Бу ўринда гап транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва „яшил“ иқтисодиёт каби муҳим йўналишлар ҳақида бормоқда», — деди президент.