Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни Тошкентда ўтаётган жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл раҳбарларининг саммити доирасида мамлакатда бўлиб турган Парламентлараро иттифоқ раиси Дуарте Пачеко ва бош котиби Мартин Чунгонгни ҳамда бир қатор мамлакатларнинг парламент раҳбарларини қабул қилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари учрашувда Ўзбекистоннинг Парламентлараро иттифоқ билан сермаҳсул ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Парламентлараро иттифоқнинг юқори даражали вакиллари Ўзбекистон етакчисига қўшма ташаббусларни илгари сўришда кўрсатаётган ҳар томонлама кўмак учун миннатдорлик билдириб, Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар ва ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлади.


Учрашувда барқарор ривожланиш, демократик қадриятларни илгари суриш, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги мақсад ва вазифаларга эришиш, иттифоқнинг Инновациялар маркази билан ҳамкорлик қилиш каби йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, давлат раҳбари Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси ўринбосари Галина Кареловани қабул қилди. У Ўзбекистон етакчисига Россия президенти Владимир Путин ва Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Учрашувда бундай сермаҳсул мулоқотларни, шу жумладан кўп томонлама тузилмалар — Парламентлараро иттифоқ ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси доирасида давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.


Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев саммитда иштирок этаётган Озарбайжон Миллий Мажлиси раиси Соҳиба Гафаровани қабул қилди. Самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Соҳиба Гафарова давлат раҳбарига Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбатда олий даражадаги мунтазам учрашув ва мулоқотларда эришилган келишувларга мувофиқ ҳар томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб, амалий шекриклик кенгайиб бораётгани алоҳида қайд этилди.


Шу билан бирга, президент саммит доирасида мамлакатда бўлиб турган Туркманистон Миллий Кенгаши Мажлиси раиси Гулшат Маммедовани қабул қилди. Учрашув аввалида Гулшат Маммедова Ўзбекистон етакчисига Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Миллий Кенгаш Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Мулоқотда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурини илгари суришда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.