Шак-шубҳасиз, Афғонистон — «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконининг ажралмас қисми» ва «ШҲТ доирасида шаклланган ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир», дея таъкидлади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев. У бу ҳақда ШҲТнинг Самарқанддаги саммити олдидан эълон қилган мақоласида қайд этди.

«Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим», — деди у.

Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. «Шуни ҳам англаш муҳимки, „Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар“ темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ўзаро позицияларимизни яқинлаштириб, тинч, барқарор ва фаровон Афғонистон учун ШҲТнинг янги кун тартибини биргаликда ишлаб чиқа олишимизга аминман. Шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо эта оламиз», дея ишонч билдирди президент.

Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди, дейилади мақолада.

«Бизнинг асосий шиоримиз — „Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади“. Уни амалда рўёбга чиқариш йўлида Ташкилотни янада кучли ва халқаро ҳамкорларимиз учун янада жозибадор бўлишига эришиш учун жиддий ҳаракат қилдик», — деб ёзди президент.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги — юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда», — дея қайд этди у.