15−16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси нафақат ҳафтанинг, балки бутун йилнинг энг муҳим сиёсий аҳамиятга эга тадбири ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов душанба кунги анъанавий брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда 8 та аъзо мамлакат — Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, 3 та кузатувчи мақомидаги мамлакат — Беларусь, Эрон, Мўғилистон ва 4 та меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакат — Туркия, Озарбайжон, Турманистон, Арманистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.

Шунингдек, Саммитда қатнашиш учун БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО), ЮНЕСКО, МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилган.

Аввал ташкилотга аъзо давлатлар етакчиларининг тор доирада мажлиси, сўнг барча делегациялар иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтади. Шу билан бирга, Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам кўзда тутилган.

«Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, мазкур ташкилот доирасидаги ҳамкорлик мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бўлиб, сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистоп резиденти томонидан ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир 54 та ташаббус илгари сурилди. Шулардан 33 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, 17 таси Самарқанд саммити давомида амалга оширилиши кутилмоқда. Қолган 4 таси эса ҳозирги вақтда ташкилотга аъзо мамлакатлар билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда», — деди Шерзод Асадов.

Ўзбекистоннинг 2021−2022 йилларда мазкур ташкилотга раислиги даврида барча ҳамкорлик соҳаларида 80 дан ортиқ тадбир муваффақиятли ўтказилди.

Саммит пандемиядан сўнг илк бор барча аъзо давлатлар, кузатувчи ҳамда меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакатларнинг тўлиқ иштирокида юзма-юз форматда ўтказилаётганлиги етакчилар ўртасида минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари бўйича, айниқса, жорий халқаро тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда ишонч руҳидаги фикр алмашишини ташкил этиш имконини беради.

«Кенг кўламда олиб борилган чора-тадбирлар самарасида бўлажак саммитда имзолаш учун 30 дан ортиқ ҳужжат тақдим этилиши режалаштирилган. Шубҳасиз, Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири ШҲТ оиласини янада кенгайтириш масаласидир. Давлат раҳбарлари кенгаши доирасида ШҲТга аъзолик мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутилмоқда», — дея таъкидлади Ўзбекистон етакчисининг расмий вакили.

Унинг сўзларига кўра, тадбирда қабул қилинадиган муҳим ҳужжатлардан бири бу — ШҲТга аъзо давлатлари ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани 2023−2027 йилларда амалга ошириш бўйича Кенг қамровли режадир.

Ушбу стратегик аҳамиятга эга ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Режа лойиҳаси ташкилот доирасида барча соҳалар бўйича амалга оширилаётган ҳамкорлик йўналишларини қамраб олган ва ҳозирги кунда 120 га яқин тадбирларни ўз ичига олган. Айниқса, асосий урғу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга каратилган. Масалан, инвестициялар, энергетика, транспорт, логистика, саноат кооперацияси, ахборот ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжалиги, божхона ва бошқа соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ тадбирлар ва уларнинг бажарилишига масъул идоралар белгиланган.

Бундан ташқари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлар аъзолигини кенгайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.

Саммитнинг асосий ҳужжати бу — аъзо мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позициялари ўз ифодасини топган Самарқанд декларацияси. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.

Шунингдек, Самарқанддаги саммит доирасида ШҲТ билан Араб давлатлари лигаси, БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари — ЭСКАТО ва ЮНЕСКО ўртасида ўзаро англашув меморандумларини имзолаш режалаштирилган.