Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни имзолаган «Реклама тўғрисида»ги янги қонун 9 сентябрь — бугундан эътиборан кучга кирди. Шунга мувофиқ, реклама тарқатувчилар янги тартибларга амал қилиши керак.

Янгиланган «Реклама тили» моддасига кўра, аввалгидек, рўйхатдан ўтган товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда логотиплар асл тилда кўрсатилиши мумкин. Рекламанинг ўзи давлат тилида тарқатилиши шарт.

Унинг мазмуни қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда бошқа тилларга таржима қилинганда такрорланиши мумкин:

  • рекламанинг бошқа тилдаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги маъносини бузмаслиги керак;
  • ташқи реклама объектидаги реклама таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал тарзда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак;
  • таржима матнининг шрифт ўлчами давлат тилидаги реклама матни шрифтидан кичик бўлиши керак.

Шунингдек, телерадиоканаллар ва босма оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган рекламанинг таржимаси кунлик умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги белгиланди.

Рекламани давлат тилида жойлаштириш ва унинг мазмунини таржима қилиш талаби қуйидаги рекламаларга татбиқ этилмайди:

  • фақат чет тилларида чоп этиладиган босма нашрларда ва бошқа нашриёт маҳсулотларида;
  • материалларни фақат чет тилларида жойлаштирган ахборот веб-сайтларида;
  • чет тилларида эфирга узатиладиган оммавий ахборот воситаларидаги бошқа материалларнинг телевидение, радио, видео ва кинохроника дастурлари кўрсатилиши вақтида.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама айланиши соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Давлат мулки бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукционлар асосида 5 йил муддатга берилади.

Қонунга кўра, қуйидагилар тақиқланади:

  • она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш;
  • нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;
  • болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;
  • миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш;
  • энергетик ичимликларнинг рекламасини соат 7:00 дан соат 22:00 гача телевидение ва радио орқали реклама қилиш;
  • тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилиш.

Ҳужжатга кўра, эндиликда мактабгача таълимда (боғча) ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарлар реклама қилинмайди. Шунингдек, ️нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш ҳам таъқиқланмоқда.

Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши тақиқланади.

Шунингдек, алкоголь маҳсулотлари рекламасига йўл қўйилмайди, аммо Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пиво, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишга айрим ҳолларда йўл қўйилади.