Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироли Чарлз III`га унинг тахтга ўтириши муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Мактубда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро ишонч ва юксак ҳурмат руҳидаги кенг қамровли шериклик келгусида ҳам изчил ривожланишига ишонч билдирилган.

Президент қиролга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилавий бахт-саодат ҳамда ғоятда шарафли фаолиятида улкан ютуқлар, дўст Бирлашган Қироллик халқига эса тинчлик-осойишталик, давомий равнақ тилади.

10 сентябрь куни Авлиё Жеймс саройида бўлиб ўтган маросимда Чарлз III қирол деб эълон қилинди. Ворислик кенгаши йиғилишида Қироллик Махфийлик кенгаши аъзолари, Британия ҳукумати вазирлари ва қироллик оиласи аъзолари иштирок этди. Қирол мажлиснинг иккинчи қисмида қатнашди. У черковни ва ҳукуматнинг узлуксизлигини ҳимоя қилиш учун қасамёд қилди.