Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТга саммитида иштирок этувчи давлатлар раҳбарлари билан музокаралар ўтказади. Бу хақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Хитой

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин 14−16 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Ташриф дастурига мувофиқ Самарқанд шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар бўлиб ўтади.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади, дейилади хабарда.

Ҳар доимгидек, ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари, энг аввало, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, инновациялар, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт борасидаги қўшма лойиҳалар, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларидаги дастурларни илгари суриш масалалари диққат марказида бўлади.

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин етакчилари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар. Учрашув якунида Қўшма баёнот ва салмоқли келишувлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган, дейилади хабарда.

ХХР раиси Си Цзиньпин 15−16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасидаги тадбирларда иштирок этади.

Россия

Шунингдек, Ўзбекистон етакчисининг таклифига биноан Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 15−16 сентябрь кунлари ШҲТнинг Самарқанд шаҳридаги саммити доирасида ташриф билан мамлакатда бўлади.

Ўзбекистон ва Россия президентларининг музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Алоҳида эътибор саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қўшма иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни илгари суришга қаратилади.

Шу билан бир қаторда давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

Президент Владимир Путин, шунингдек, ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси тадбирларида иштирок этади.

Эрон

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий 14−16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокаралари ва ташриф доирасидаги бошқа тадбирлар Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

Икки мамлакат етакчилари кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқадилар, савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратади, дейилади хабарда.

Учрашув якунида қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

15−16 сентябрь кунлари Президент Иброҳим Раисий ШҲТнинг Самарқанд саммити тадбирларида иштирок этади.

Аввалроқ, Самарқандда ўтадиган ШҲТ саммитида 30 дан ортиқ ҳужжатни имзолаш кутилмоқда, деди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов. Улар қаторидан Эронни ташкилотга киритиш учун мажбуриятлари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлари аъзолигини кенгайтиришга оид ҳужжатлар ўрин олган.