Тошкент шаҳрида 8 сентябрь куни Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммити ўз ишини бошлади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Саммитнинг COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ инқироз оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш мақсадида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича парламентлар фаолиятининг устувор йўналишлари ва ҳаракатларини белгилаш мақсадида ўтказилмоқда.

БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этган тадбир аввалида президент Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларига йўллаган мурожаатини унинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

«Бундай форматдаги учрашув Ўзбекистонда илк бор ўтказилмоқда. Буни мамлакатимизда, жумладан, парламентаризм ва гендер сиёсатни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар натижаларининг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи деб биламиз», — дейилади президент мурожаатида.

Саммитни Сенат раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очар экан, анжуманда пандемия оқибатида юзага келган жиддий ижтимоий ва иқтисодий инқирозларни, хусусан, янги хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш, уларни биргаликда амалга ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсад қилинганини таъкидлаб ўтди.

«Бугун турли низолар, янги хатарлар ва тўқнашувлар кескин тус олмоқда, яқин келажакда дунёда қандай сиёсий-иқтисодий тартиб ҳукмрон бўлишини ҳеч ким башорат қилолмаяпти. Сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятда дунёнинг деярли барча давлатлари пандемия туфайли савдо-иқтисодий алоқаларнинг қисқариши, ижтимоий ҳаётнинг турли йўналишларидаги хатарларнинг ортиши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг камайиши, ишсизлик даражаси ошиши кузатилмоқда», — деди Танзила Нарбаева.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда пандемия оқибатида юзага келган инқироздан кейинги иқтисодиётнинг қайта тикланиш жараёнини барқарорлаштириш, жадаллаштиришда халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масаласи ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамиятга эга.

Фото: Сенат матбуот хизмати.

Сенат раисининг айтишича, пандемия туфайли меҳнат бозорида фаолият юритаётган аёлларнинг 5 фоизи пандемия даврида ишсиз қолди. Оилаларда юзага келган мураккаб вазият ортидан хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайди, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати кескин ёмонлашиши оқибатида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар сони ортди.

«Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги саммитда пандемия оқибатида юзага келган жиддий ижтимоий ва иқтисодий инқирозларни, хусусан, янги хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш, уларни биргаликда амалга ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаб олишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», — деди у.

Шунингдек, Парламентлараро Иттифоқ раиси Дуарте Пачеко сўзга чиқиб, Тошкент саммити юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиқадиган хулосалар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада самаралироқ таъминлашга хизмат қилишини қайд ўтди.

Фото: Сенат матбуот хизмати.