Вазир Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Ўзбекистон ИИВ делегацияси Чўлпон-ота (Қирғизистон)да бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Кенгаш мажлисида Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ички ишлар вазирлари ҳамда МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш Бюроси директори иштирок этди.


Учрашувда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича давлатлараро дастурларни амалга оширишда МДҲ мамлакатлари Ички ишлар вазирликлари ва полицияси ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор масалалари, шунингдек, 2024−2028 йилларга мўлжалланган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирлар Давлатлараро дастури лойиҳасини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар МДҲга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ блокировка қилиниши шарт бўлган интернет-ресурсларнинг ягона реестрини яратишнинг мақсадга мувофиқлигини ҳам кўриб чиқди, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, йиғилишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларини ноқонуний тарқатишга қарши курашиш, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар фуқаролари томонидан жиноий ва бошқа жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида фуқароликни ўзгартириш институтидан фойдаланишининг олдини олишга қаратилган ишлар ва бошқаларга бағишланган масалалар борасида қатор ҳужжатлар имзоланди.