Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) 8 сентябрь куни ««Беқарор замон, беҳаловат ҳаёт: ўзгарувчан дунёда ўз келажагимизни шакллантириш», деб номланган сўнгги Инсон тараққиёти индекси ҳисоботини эълон қилди. Бу ҳақда БМТТДнинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳисоботда таъкидланишича, дунё кетма-кет инқирозни бошдан кечириб, «фавқулодда чоралар» кўришга мажбур бўлмоқда, бироқ бугунги кунда дунё аҳолиси дуч келаётган муаммоларнинг сабабларини бартараф эта олмаяпти. Дунё кетаётган йўлида кескин ўзгариш ясалмаса, янада каттароқ йўқотиш, муҳтожлик ва адолатсизликларга юз тутаверади, дея огоҳлантиради ҳисобот муаллифлари.

Турли ноаниқликни юзага келтирувчи омиллар тўпланиб, инсоният ҳаётини мисли кўрилмаган тарзда издан чиқарадиган даражада таъсир ўтказмоқда. Сўнгги икки йил ичидаги воқеалар дунёдаги миллиардлаб одамларнинг ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатди. Жумладан, COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш каби инқирозлар кетма-кет келиб, кенг қамровли ижтимоий ва иқтисодий силжишлар, сайёрамиз учун хавф туғдирадиган ўзгаришлар ва кескин кучайган қутбланиш билан ўзаро алоқага киришди, дейилади хабарда.

32 йилдан бери дунё мамлакатларидаги соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш даражаси ўлчанадиган Инсон тараққиёти индексида илк маротаба кетма-кет икки йил давомида пасайиш бўлди, яъни кўрсаткич 2016 йилги даражага тушиб кетиб, «Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида эришилган ютуқларнинг катта қисмини йўққа чиқарди», дейилади ҳисоботда.

Пасайиш деярли бутун дунё миқёсида кузатилмоқда, негаки 2020 ёки 2021 йилларда инсон тараққиёти индекси кўрсаткичи мамлакатларнинг 90 фоиздан ортиғида пасайган. Бундан ташқари, 40 фоиздан зиёд мамлакатда пасайиш кетма-кет икки йил давомида кузатилиб, бу — кўпчиликда инқироз ҳали ҳам чуқурлашиб бораётганидан далолат беради.

Айрим мамлакатлар оёққа туришни бошлаган бўлсада, тикланиш нотекис ва қисман кечаётган бўлиб, инсон тараққиётидаги тенгсизликларни янада кучайтирмоқда. Айниқса, Лотин Америкаси, Кариб ҳавзаси, Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка ва Жанубий Осиё мамлакатлари катта зарар кўрди.

«COVID-19 пандемиясидан аввал ҳам биз тараққиётнинг ишончсизлик ва қутбланиш билан эгизак парадокс ҳолатини кузатган эдик. Ҳозир дунё аҳолисининг учдан бири стресс ҳолатида бўлган, учдан икки қисмидан ортиғи эса бошқаларга ишонмайдиган бир пайтда, биз одамлар ва сайёрамиз келажаги учун фойдали бўлган дастур ва стратегияларни қабул қилиш йўлида катта тўсиқларга дуч келяпмиз, — дейди Ахим Штайнер. — Фикрлашга ундайдиган мазкур янги таҳлил бизга боши берк кўчадан чиқиб, глобал ноаниқликни енгиб ўтиш йўлларини белгилаб олишга ёрдам беради. Тизимларимизга янги назар солиб ва қайта ишга тушириб, иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасида қатъий чораларни амалга ошириш ва барча учун янги имкониятларни таъминлай оладиган келажакни қуриш йўлида амалга оширишимиз мумкин бўлган ҳаракатлар кўлами жуда чекланган».

Ҳисоботда зарур бўлган ўзгаришлар нега амалга ошмаётгани ўрганилиб, бунинг кўплаб сабаблари борлиги, жумладан, ишончсизлик ва қутбланиш бугунги кунда бир-бирини озиқлантириб, барча даражалардаги инқирозларни енгиб ўтиш учун зарур бўлган бирдамлик ва жамоавий ҳаракатларга тўсиқ бўлаётгани таъкидланади. Янги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, ўзини ҳимоясиз деб ҳис қиладиганлар ҳам ўткир сиёсий қарашларга эга бўлиши мумкин.

Янги йўналишни белгилаб олиш учун тикланадиган энергиядан тортиб, пандемияларга тайёрлик соҳаларига инвестиция киритишга, жамиятларимизни беқарор дунё шароитидаги ўсиш ва инқирозларга тайёрлаш учун эса суғурталаш, шу жумладан, ижтимоий ҳимоя соҳаларига урғу берилган дастур ва стратегияларни амалга ошириш тавсия қилинади. Шу билан бирга, кўплаб — технологик, иқтисодий ва маданий шакллардаги инновациялар келажакда юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай муаммоларга қарши жавоб чораларини кўриш учун зарур бўлган салоҳиятни юксалтириш имкониятларини яратиши мумкин.

Ўзбекистонда — Инсон тараққиёти индексининг пасайиши кузатилмаган, аксинча кўрсаткичнинг барқарор ўсиш тенденцияси давом этмоқда. Мамлакатда индекс ишга туширилгандан бери мамлакат жуда яхши натижаларга эришмоқда. 2021 йилдаги Инсон тараққиёти индекси кўрсаткичи Ўзбекистонда 0,727 ни ташкил этиб, мамлакат Инсон тараққиёти даражаси юқори мамлакатлар тоифасига кириши ва 191 давлат ва ҳудуд орасида 101-ўринни эгаллашини таъминлади. 2000−2021 йилларда Ўзбекистондаги Инсон тараққиёти индекси кўрсаткичи 19,8 фоизга — 0,607 дан 0,727 га кўтарилган. Шунингдек, 2000−2021 йилларда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромаднинг 188,8 фоизга ўсиши кузатилди.

Маҳаллий миқёсдаги ижобий тенденцияларга қарамай, Ўзбекистонда ҳисоботда қайд этилган иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, тенгсизликларнинг чуқурлашиши, ноаниқликларнинг кучайиши ва сиёсий қутбланиш каби юзага келаётган глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган дастур ва стратегиялар жорий этилиши зарур, дейилади хабарда.