Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг ҳозирги кунда қўшимча тақрибан 350 млн доллар маблағларини мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда. Бу хақда адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Келтирилишича, ундирилиши лозим бўлган жами сумма тақрибан 686 млн АҚШ долларига тенг ва бу сумма давом этаётган жиноий иш жараёнига боғлиқ.

Ушбу ишлар Швейцария судларида кўриб чиқилиб, тақрибан 336 млн АҚШ доллар узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 млн АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтиши хал бўлди, 205 млн АҚШ доллари бўйича эса якунига етмоқда.

Швейцарияда жойлашган активлардан ташқари, Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг бошқа хорижий давлатлардан ҳам жиноий активларини қайтариш ишлари кетяпти.

Хусусан, Франциядан 2020 ва 2021 йилларда жиноий уюшган гуруҳ аъзоларига тегишли кўчмас мулкларни (жумладан, Париж шаҳри яқинидаги 2 та қасрларнинг сотилиши натижасида 20 млн АҚШ долларига тенг пул маблағлари Ўзбекистонга қайтарилди.

Бельгия Қироллигидаги жиноий гуруҳга тегишли бўлган активларни қайтаришда Ўзбекистондаги мутасадди ташкилотлар Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қиляпти. Бироқ, тергов тугамаганлиги сабабли (тергов сири), ушбу активлар ҳақида кўп маълумот ошкор қилинмаган.

Буюк Британияда эса уларга теришли 10 млн фунт стерлинг миқдоридаги маблағлар ва 3 та кўчмас мулкнинг тақдири Лондоннинг Олий судида кўриб чиқиш жараёнида.

Латвияда ҳам бир талай активлар мавжуд. Мамлакатнинг суд органлари 2018 йил Ўзбекистонда чиқарилган ҳукмлар (Латвияда жойлашган активларни Ўзбекистон даромадига мусодара қилиш ҳақида) тан олди. Мазкур давлатда 15 млн АҚШ долларига тенг маблағлар, 850 унцияга (26 кг) олтин сертификатлари ҳамда Рига шаҳрида жойлашган маданий-кўнгилочар мажмуа айнан Гулнора Каримова унинг жиноий шериклари номида.

Таъкидланишича, бу борадаги барча ишлар ҳам осонликча амалга ошаётганлиги йўқ. Масалан, Латвиядан юқоридаги активларни қайтаришда мураккабликлар юзага келмоқда. Шунга қарамай, ушбу давлатдаги активларни қайтариш бўйича ишлар қатъий изчиллик билан давом эттирилмоқда, дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтиради «Газета.uz» мухбири.

Россия

2021 йил ноябрь ойида Москва шаҳрида жойлашган активларни хусусан 6 та хонадонни Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори чиқарилган. Ҳозирги пайтда Россия суд ижрочилари ушбу кўчмас мулк объектларини сотиш жараёнида. Сотувдан тушган пул маблағлари Ўзбекистон ва Россия фойдасига тенг улушларда бўлинади.

Бундан ташқари бошқа мамлакатларда ҳам Гулнора Каримова ва унинг жиноий шериклари томонидан ноқонуний орттирилган ва Ўзбекистондан олиб чиқилган активларни қайтариш ишлари кетяпти. Жиноий активларнинг умумий қиймати қарийб 1,3 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

«Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур пуллар 14,3‬ трлн сўмга етган, уларнинг ҳисобига 1400 та — Ўзбекистондаги 208 та туманнинг ҳар бирида 6,7 тадан мактаб қурса бўлади», — деди Музраф Икрамов.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 мартда Тошкент шаҳар суди ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган эди.

2019 йил март ойида АҚШ Гулнора Каримова ва «Ўздунробита»нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовни коррупция ва 865 млн доллардан кўпроқ пулни «ювган»ликда айблаган эди. 24 июнда эса Швейцария Бош прокуратураси Каримова иши бўйича музлатилган 130 млн швейцар кронаси [$133,7 млн] миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилган эди.

2020 йилнинг май ойига келиб, Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган. Сентябрга келиб, Швейцария ҳукумати мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришганини маълум қилди. Ўшанда Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» ижтимоий тармоқларда Каримованинг соғлиги оғирлашганига оид тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланган эди. «Унинг аҳволи яхши, COVID-19`га чалинмаган, ўпка пневмонияси ҳам йўқ», — дейилганди хабарда.

Қолаверса, 2022 йилнинг 30 июнида Канаданинг The Globe and Mail нашри Гулнора Каримовага тегишли экани тахмин қилинаётган ҳашаматли кўчмас мулк у қамоқдалик вақтида 68,4 млн долларга қайта сотилган бўлиши мумкин, дея хабар берганди.

Шунингдек, Швейцария апелляция суди Гулнора Каримовага қўйилган пора олиш бўйича айблов юзасидан унинг адвокатлари киритган шикоятни қисман қаноатлантирди. Мазкур суд қарори унга музлатиб қўйилган 303 млн доллар маблағни қайтариб олишга ёрдам бериши мумкинлиги айтилганди.