Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги қироличаси Елизавета II оламдан ўтгани муносабати билан унинг ўғли Карл III`га ҳамдардлик билдирди.

«У 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган, Қиролликнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатда етакчи давлатлардан бирига айланишига, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини ҳар томонлама оширишга беқиёс ҳисса қўшган буюк давлат арбоби эди», дея таъкидланган таъзияномада.

Президент ушбу мусибатли дамларда қиролга, оиласининг барча аъзоларига ва бутун Буюк Британия халқига таскин сўзларини билдирди ҳамда сабр-тоқат ва бардамлик тилади, дейилади хабарда.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. Мамлакатда 12 кунлик мотам эълон қилинди. Шанба куни Чарлз расман қирол деб эълон қилиниши кутилмоқда. Маросим Лондондаги Авлиё Жеймс саройида бўлиб ўтади.