Президент фармони билан Ўзбекистон Стратегик ривожланиш агентлиги негизида президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беради.

Агентлик маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда алоҳида соҳа ва тармоқларни ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Уларнинг амалга оширилишини ташкил этади ва назорат қилади.

Шунингдек, соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотларни танқидий таҳлил қилган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолайди. Расмиятчилик, сансалорлик ва коррупциявий ҳолатларга шароит яратувчи тизимли муаммоларни аниқлайди ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради.

Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва давлат дастурларининг ижросини мониторинг қилиш асосида уларнинг тўлақонли ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш ҳам уларнинг вазифасига киради.

Халқаро молия институтлари, чет эл ташкилотлари ва хорижий мутахассисларни ҳамда беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш ишларини тизимли ташкил этади. Улар бўйича ахборот ва ҳисоботларнинг маълумотлар базасини яратилади.

Давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, жумладан ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тузиш, бошқарув органлари таркибига мустақил аъзоларни киритиш ва соҳага оид бўлмаган активлардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини мониторинг қилиш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг кенгаши тузилди. Кенгашга бир қатор ваколатлар берилди.

Жумладан, 1 октябрдан бошлаб соҳа ва тармоқларда ислоҳотларни амалга ошириш, уларни мувофиқлаштириш ҳамда натижадорлигини баҳолаш тартиби жорий этилади.

Агентлик ҳар йили 1 октябрга қадар кейинги йил учун ислоҳ қилинадиган тегишли соҳа ва тармоқлар бўйича иш режани тасдиқлаш учун агентликнинг кенгашига киритади.

Белгиланишича, агентлик бош директори ва унинг ўринбосарлари президент томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Агентлик бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра президентнинг маслаҳатчисига тенглаштирилади.