Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос «тарихий эврилиш» палласига тўғри келди — бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити арафасида ёзган мақоласида айтилади.

«Халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги кун ҳақиқатидир. Бунинг асосий сабабларидан бири — глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида геосиёсий қарама-қаршиликларга рағбат бериб, „блокларга мансублик“ стереотипларининг қайта туғилиш хавфини юзага келтирмоқда. Давлатлар ўртасидаги бундай ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтишини ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштирмоқда», — дейилади хабарда.

«Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда», — дея таъкидлаган президент.

Келтирилишича, шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда.

«Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас», — дейилади хабарда.

«Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли — конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга раҳна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш барчамиз учун бирдек манфаатлидир», — деди президент.

«Самарали халқаро ҳамкорлик — бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тарақиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади», — деб келтирган у.

Шунингдек, президент Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлар ўртасидаги турли келишмовчиликларни енгиб ўтиш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш хамда маданий-гуманитар алмашинувни рағбатлантиришга ёрдам беришинини айтиб, ташкилот маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма дея таъкидлаган у.