Украинадан қайтган талабалар ўқишини Ўзбекистондаги ОТМларда давом эттириши мумкин

Президент видеоселекторда Украинадан эвакуация қилинган талабалар Ўзбекистондаги ОТМларда ўқишини давом эттириши учун барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилди. «Украина олийгоҳларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда ва шундан 200 га яқини Ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин 1 ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўраяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Автомобилларни қайта сотувчиларга етказиб бериш муддати 120 кунга узайтирилади — UzAuto Motors

UzAuto Motors янги автомобилларига шартнома тузиш бошланган илк кундаёқ, сотилган машиналарнинг 52 фоизи қайта сотиш эҳтимоли билан харид қилинганини маълум қилди. Хусусан, бир шахс томонидан 35 та автоуловга шартнома тузилгани аниқланди. Компания қайта сотувчилар учун етказиб бериш муддатини яна 120 кунга оширишини эслатиб ўтди.

«Барча давлат ташкилотларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилади» — президент

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида бундан буён барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилишини маълум қилди. Марказий банк тажрибаси асосида Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Энергетика, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари 3−4 курс талабаларни ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилади. Амалиёт якунида уларга доимий иш таклиф қилинади.

Японияга махсус мақомда борган ишчилар 5 йилдан кейин оиласини ҳам олиб кетиши мумкин

Ўзбекистон ва Япония ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, япон тилини билиш даражаси бўйича тест синовларидан ва мутахассислиги бўйича амалиёт имтиҳонидан ўтганларга «махсус малакали ишчилар» мақоми берилади. Улар Японияда 14 турдаги соҳада 10 йилгача ишлаши, 5 йилдан сўнг ўз оиласини ҳам олиб кетиши ва ўз бизнесини бошлаши мумкин бўлади. Уларга камида 1800−2000 доллар маош тўланади.

Талабаларни ишга жойлаштириш бўйича Республика комиссияси тузилади

Президент видеоселектор йиғилишида 100 мингга яқин талаба ишлашни хоҳлашини, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни борлигини айтди. У талабалар билан ишламагани учун ҳоким ва ректорларни танқид қилди. Энди талабаларни иш билан таъминлаш бўйича бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Республика комиссияси ташкил этилади.

Тижорат банклари рублнинг сўмга нисбатан курсини мустақил белгиламоқда — Марказий банк

Марказий банк тижорат банклари рубль курсини мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгилаётганини маълум қилди. Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан хорижий валютани (нақд ва нақдсиз шаклда) олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича махсус тартиб ўрнатилгани айтилди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, «рубль учун имтиёзли коридор бекор қилинган».

Чироқчида ЙҲХБ бошлиғи пора билан ушлангани айтилмоқда

Қашқадарёда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи шериги билан пора олаётганда қўлга тушгани айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Энди тадбиркорлар ўз товарларида ишлаб чиқарилган жой номини кўрсатиши мумкин

Президент «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, тадбиркорлар ўз товарларида ишлаб чиқарилган жой номини кўрсатиши мумкин. Талабгорлар географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилиши лозим. Ҳуқуқ 10 йил давомида амал қилади, географик кўрсаткични бошқа давлатларда ҳам рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Шофиркон тиббиёт бирлашмасида 1,2 млрд сўмлик камомад аниқланди

Антикоррупция агентлиги Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси фаолиятида 1,2 млрд сўмдан кўпроқ молиявий хато ва камчиликларни аниқлади. Бирлашмада аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлангани, тиббиёт техникалари қиммат нархда сотиб олингани, пуллик тиббий хизматдан тушган маблағлар мақсадсиз сарфлангани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Самарқандда $50 минг эвазига ДХХга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушлангани айтилмоқда

Самарқанд вилоятида фуқарони Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ноқонуний тарзда ишга киритиб қўйишга уринган шахс 50 минг доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда. Қолаверса, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида ҳам ички ишлар идоралари ва Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишга ваъда берган шахслар қўлга олинди.

Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел келиш хавфи эълон қилинди

Ўзбекистонда 5−9 март кунлари кучли ёмғирлар ёғиши туфайли 9 та вилоятнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиш хавфи эълон қилинди. Ўзгидромет аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларига амал қилишни сўрамоқда.

3 март куни ўзбекистонликлар 60 млн рубль сотиб олди

Марказий банк маълумотларига кўра, пайшанба куни жисмоний шахслар банклардан 60 млн рубль харид қилган бўлса, қарийб 5,5 млн Россия валютасини сотган. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни «Россия-Украина ўртасидаги можарога қадар рублда импорт шартномаси тузганлар тезроқ эски нархларда тўловини амалга ошириш манфаатига эгалиги» билан изоҳлади.

«Ватан таянчи» отрядига аъзо ўқувчиларга ОТМга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади

Президент қарори билан Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, мактабларда эса унинг отрядлари ташкил этилади. Унга иҳтиёрий равишда аъзо бўлган 10−11-синф ўқувчилари орасидан бир нафарига ОТМга ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади. Бунда унинг ҳаракат фаолиятидаги иштироки ва мактабдаги баҳолари инобатга олинади.

Алишер Усмоновнинг холдинги «Капиталбанк» акциялари сотилганини эълон қилди

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг USM холдинги Ўзбекистондаги «Капиталбанк» акцияларини сотилганини эълон қилди. Холдинг таркибидаги «Телекоминвест» (Россия) ва FINANCE TCI (Ўзбекистон) компаниялари февраль ойида «Капиталбанк»даги улушини 61,54 фоизга етказган эди.

Фото: Исломободда Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон музокаралар ўтказди

Пайшанба куни Исломободда бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни, икки давлат вазирлари эса 10 га яқин ҳужжатни имзолади. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев Имрон Хонга Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини совға қилди. «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўл минтақалар қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборишини таъкидланди. Ташрифнинг биринчи куни «Газета.uz» материалида.

БМТ ҚБОК Ўзбекистоннинг фуқаросизликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади

021 йилда Ўзбекистон рўйхатга олинган 70 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 33 минг нафарига фуқароликни бериб, фуқаросизликни қарийб икки баробарга камайтирди. БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги ушбу саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаб, фуқаросизликка чек қўйиш тинчлик, хавфсизлик ва мажбурий кўчирилишлар олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади.

3−4 март кунлари 720 нафар ўзбекистонлик Украинадан эвакуация қилинди

3−4 март кунлари Польшадаги Катовице аэропорти орқали 720 нафар Ўзбекистон фуқароси эвакуация қилинди. Шундай қилиб, Украинадан ватанга қайтарилганлар сони 2579 нафарга етди. Яна 1500 нафарга яқин ўзбекитонликлар Польшада қолмоқда. «Ишонтириб айтамизки, барча фуқаролар мамлакатимизга қайтарилади», — дейилади ТИВ хабарида.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Ҳеч нарса қилиб бўлмаслиги — бу уят». Ўзбекистонликлар айни пайтда Россияда содир бўлаётган воқеалар ҳақида

Газета.uz" Россияда халқаро санкциялар эълон қилинганидан сўнг рубль кескин қадрсизланиб, нақд пул ва валюта тақчиллиги кузатилаётган, нархлар кескин ошган шароитда яшаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди. Улар санкциялар ва курснинг тушиб кетиши даромадлари ҳамда улар ишлаётган компанияларга қандай таъсир кўрсатгани, атрофидаги ҳолат ва Москвадаги вазият ҳақида сўзлаб беришди.

Ядро қуролларига эга давлатлар — рўйхат, статистика

2022 йил март ҳолатига кўра, дунёнинг 9 та мамлакатларида 12 700га яқин ядро қуроллари мавжуд. Уларнинг 90% Россия ва АҚШга тегишли. Қайси давлатда қанча ядровий қурол бор, «ядро чамадончаси» ва тийиб туриш кучлари нима — бу ҳақда «Газета.uz» мақоласида.

Замонавий фандаги «лохотрон»

Қандай қилиб Scopus базасидаги журналларда (ва юқори импакт-факторли журналларда) мақола эълон қилиш талаби Ўзбекистонда кенг кўламли фирибгарлик, кўзбўямачилик ва илм-фанни таҳқирлашга олиб келди — бу ҳақда файласуф ва антрополог Валерий Хан мақоласида. Мақола аввал эълон қилинган «Ҳамма SCOPUS`да мақола чиқарсин!» мақоласининг давомидир.