Айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев бундан буён барча давлат ташкилотларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилишини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилади», — деди давлат раҳбари.

Олийгоҳлар атрофидаги мактаб ва боғчаларда 13 минг вакант иш ўринлари мавжуд. Камида 10 минг нафар талабани улар учун жойлашуви қулай бўлган мактаб ва боғчаларга ишга жойлаштириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди, дейилади хабарда.

Мутасаддиларга давлат корхоналаридаги вакансиялар бўйича ҳар чоракда талабалар ўртасида танловлар эълон қилиб бориш топширилди.

Умуман, ҳар бир тармоқ раҳбари ўз соҳасидаги олийгоҳлар билан тизимли ишлаб, салоҳиятли талабаларни танлаб бориши керак.

Масалан, Марказий банк ҳар йили 3−4 курс талабалари ўртасида танловлар эълон қилиб, 60 нафар талабани ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилиш тизимини йўлга қўйган. Стажировка якунида энг яхши талабаларга доимий иш таклиф қилинади.

Худди шундай ишларни Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Энергетика, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари тизимли ташкил этиши шарт. Ушбу янги тизим орқали ҳар йили 3 минг нафар талаба банд қилинади.

Йиғилишда давлат грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳаларга 2022 йилда камида 3 минг нафар талабани жалб қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу мақсадда олийгоҳлардаги илмий лойиҳа гуруҳлари таркибининг камида 40 фоизини талабалар ҳисобидан шакллантиришга топшириқ берилди.

Вилоят ва шаҳарлар ҳокимлари, ректорлар олийгоҳлар ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйса, 30 минг нафар талабани иш билан банд қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Бунда, вилоят ҳокимлари иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этиши лозим.

Шу боис, вилоят ҳокимлари, ректорларга 1 апрелдан бошлаб ҳар бир олийгоҳда меҳнат ярмаркаларини ўтказиш топширилди.

Вилоят ҳокимлари олийгоҳлар билан йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар ўртасида ҳамкорлик тизимини яратиб, йил якунига қадар 10 минг нафар талабанинг бандлигини таъминлаш чораларини кўриши керак.