Ўзбекистон ва Япония «махсус малакали ишчилар» мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда АОКА ўтказилган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.

Мазкур ҳамкорлик Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Японияга ташрифи доирасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилмоқда.

«Унга кўра, Японияга юборилаётган махсус малакали мутахассислар энг аввало, ўз соҳаси бўйича хорижий тажрибани ўрганиши мумкин. Бу кейинчалик Японияда орттирилган тажрибани Ўзбекистон ривожи учун қўллаш имконини беради», — дейилади хабарда.

Меморандум шартларига кўра, юборилаётган мутахассислар япон тилини билиш даражаси бўйича имтиҳон синовларидан ва эгаллаган мутахассисликлари бўйича амалиёт имтиҳонидан ўтиб, 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатда келишув асосида ўзлари танлаган корхонада фаолият олиб боришлари мумкин.

Шунингдек, улар келишилган ҳолда иш жойларни алмаштиришлари, қолаверса, Япония фуқаролари билан бир хил меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояланган ҳолда фаолият кўрсатишлари мумкин бўлади. Мазкур келишув доирасида фуқаролар 14 та турдаги соҳада фаолият юритиши мумкин.

Японияда ишлаш имконини берувчи махсус малакали ишчи резидентлиги нима ва уни (виза) қандай олиш мумкин?

Таъкидланишича, Япониянинг муайян саноат соҳаларида дарҳол иш бошлашга тайёр, хорижий мамлакатлардан бўлган мутахассисларни қабул қилиш учун 2019 йилнинг апрель ойида Японияда «Махсус малакали ишчи (ММИ)» деб номланувчи янги резидентлик мақоми жорий қилинган.

2025 йилга қадар Япония ҳукумати 325 минг нафар чет эллик махсус малакали ишчиларни жалб қилишни режа қилган. Мазкур дастурда Ўзбекистон фуқаролари ҳам иштрок этиши мумкин.

«ММИ резидентлик мақомини олиш учун фуқаролар аввало Япон тили ва ўзлари танлаган касбларидан махсус тестдан ўтишлари керак бўлади. Мазкур тестлар илк бор жорий йилнинг 9−19 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади. Эндиликда мазкур тестлар йилда 6 марта мунтазам равишда юртимизда амалга оширилади», — дейилган маълумотда.

Тестларга қаерда ва қандай тайёрланиш мумкин?

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда Махсус малака тестларига тайёрланиш учун Республиканинг барча «Ишга марҳамат» мономарказларидаги «Япон тили ва касбий малака тестга тайёрлов марказлари»да япониялик мутахассислар ёрдамида 4 ойлик ўқишлар ташкил этилган.

Қайд этилишича, тайёрлов курсларининг навбатдаги қабули (материал эълон қилинган санага кўра) ҳозирги вақтда давом этмоқда. Фуқаролар аввало Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг «labormigration» дастуридан рўйхатдан ўтиши ва шундан кейин вазирликнинг ҳудудий Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиб, «Япон тили ва касбий малакага ўқиш учун» йўлланмани япон тили маркази ходимларига тақдим этиши керак.

Махсус малакали ишчи резиденти сифатида Японияда ишлайдиганлар қуйидаларга эга бўлади:

  • Фуқаро ишсиз бўлган тақдирда ўқиш харажатлари бандлик жамғармаси томонидан қоплаб берилади;
  • Тестдан муваффақиятли ўтган номзодларнинг тест харажатлари қайтарилади;
  • Иш берувчи билан шартнома қилинган тақдирда йўлкира харажатлари иш берувчи томонидан қоплаб берилиши мумкин;
  • Японияда меҳнат фаолияти давомида ойлик маошлари япон фуқароларига белгиланган ставка асосида белгиланади;
  • Тиббий ва ижтимоий суғурта, нафақа билан таъминланади;
  • ММИ сертификати 5 йилдан 10 йилгача Японияда ишлаш имкониятини беради;
  • Иш алмаштириш имконияти;
  • 5 йилдан сўнг оилани олиб кетиш учун имконият берилади;
  • Меҳнат мигрантларининг фарзандлари япон мактабларида бепул ўқиш имкониятига эга;
  • Ўзбекистонга қайтиб келган фуқаролар Япония тажрибаси асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун вазирликнинг реинтеграция дастуридан фойдаланишлари ва ўз бизнесларини очишда кўмак олишлари мумкин;
  • Меҳнат мигрантлари мамлакатларига қайтиш олдидан ойлик ҳисобидан ечиб олинган нафақа суммасини қайтариш имконига эга;
  • Японияда махсус малакали ишчининг энг кам ойлик маоши 1800−2000 долларни ташкил этади.

«Махсус малака тестларига тайёрланишни истаган фуқаролар «Ишга марҳамат мономарказлари»га ёки Бандликка кўмаклашиш марказлари, шунингдек Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Маълумот учун бугунги кунгача Япония ҳукумати томонидан фақат 9 та давлатнинг малакали ишчиларини Японияда фаолият олиб борувчи етакчи корхоналарга олиш учун рухсат берилган. Икки давлат ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида Ўзбекистонга ҳам шундай имконият яратилди ва 10-давлат сифатида дастур рўйхатига қўшилган.