Марказий банк ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан Россия рублини айирбошлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан баёнот эълон қилди.

Унга кўра, Россия рублининг ўзбек сўмига нисбатан сотиш ва сотиб олиш курси тижорат банклари томонидан мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгиланиб, кун давомида заруриятга кўра ўзгартириб борилиши мумкин.

Регуляторнинг қайд этишича, халқаро амалиётда ҳам маҳаллий валюта биржасида сотувда бўлмаган айрим давлатларнинг валюталари бўйича ҳисоб ва айирбошлашдаги курс ушбу давлатларнинг Марказий банклари ёки халқаро платформаларда эълон қилаётган жорий котировкалар асосида белгиланади.

«Айрим ижтимоий тармоқларда шубҳали спекулятив трансчегаравий схемалар ёрдамида рублни айирбошлаш (шу жумладан, «қора бозор»да) орқали 30 фоизгача даромад олиш мумкинлиги билдирилмоқда. Юқоридаги фикрлар мантиқан гепотетик шаклларда тўғри бўлиши мумкин бўлса-да, амалда Ўзбекистондаги ички валюта бозоридаги реал ҳолат буни инкор этмоқда. Хусусан, охирги пайтда тижорат банклари томонидан аҳолига рубль сотуви улардан харид қилинган миқдорлардан қарийб 10 баробар кўп», — дейилади ахборотда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан хорижий валютани (нақд ва нақдсиз шаклда) олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича махсус тартиб ўрнатилгани айтилди. Ушбу тартиб ички валюта бозорига кескин таъсир кўрсатиши мумкин бўлган миқдорларда пул оқимларининг вужудга келишига йўл қўймайди.

Марказий банк мавжуд вазиятни доимий онлайн равишда кузатиб бормоқда ва зарур ҳолларда аҳоли манфаатларини ҳамда миллий валюта ва банк тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини таъминлайди, дейилади хабарда.

«Банклардан келаётган маълумотларга қараганда, мақбул курс дейилган рубль учун имтиёзли коридор бекор қилинган», — деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Қайд этилишича, «Ўзмиллийбанк» ҳамда InFinBank биринчилардан бўлиб рубль бўйича бозор курсларини қайтарган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда банклар ўзининг валюта айирбошлаш шохобчаларида Россия рублини алмаштиришни бошлагани ҳақида хабар қилинганди. Марказий банк уларга валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги «мақбул бўладиган фарқ даражасини» сақлаб қолишни тавсия қилган эди.