Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб давлатлар томонидан Россия, йирик компания ва банкларига қарши мисли кўрилмаган санкциялар жорий қилинди, мамлакат ҳукумати вакиллари ва ишбилармонларга нисбатан шахсий чекловлар, халқаро молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятига тақиқлар ўрнатилди. Бир қатор хорижий компаниялар Россия ҳудудида фаолиятини тўхтатганини эълон қилди ва мамлакатдан ўз капиталини олиб чиқиб кетишни бошлади. Рубль курси қулади, нақд пул ва хорижий валюта танқислиги юзага келди, бир қатор товарлар нархи кўтарилди. «Газета.uz» Россияда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ва муҳожирлар билан санкциялар ҳамда валютанинг қадрсизланиши даромадлари ва улар ишлаётган компанияларга қандай таъсир қилгани, атрофда ҳукм сураётган муҳит ва келгусидаги режалари ҳақида суҳбатлашди.

Муқаддам, менежер, 30 ёшда, Москва

«Ҳеч нарса қилиб бўлмаслиги — бу уят»

Аҳвол жуда ёмон. Барча дўстларим, ҳамкасбларим, танишларим, худди мен сингари, бу урушга қарши. Ҳаммада тушкунлик ва уят ҳисси. Бегуноҳ одамларнинг ўлими олдидаги уят ҳисси. Ҳеч нарса қилиб бўлмаслигидан уялиш. Битта одамнинг хатти-ҳаракатлари сабаб бутун бошли халқ жабр кўраётганлигидан уялиш. Ўз келажагингиз учун хавотир.

Йиллар давомида барпо этилган ҳамма нарса бир кунда вайрон бўлди. Барқарорлик йўқолди. Кўпчилик дўстларим яшаш жойини ўзгартириш ёки ҳеч бўлмаганда, вазият яхшиланмагунча, вақтинча [мамлакатдан] кетиш ҳақида ўйламоқда.

Кўпчилик [ҳарбий хизматга] чақириқ ёшидаги ака-укаларини фронтга олиб кетмасликлари учун зудлик билан [мамлакатдан] олиб чиқиб кета бошлади. Умуман, одамлар на рисоладагидек ишлай оляпти ва на дам ололяпти.

27 февраль куни курс 150 рублгача кўтарилганида, менинг даромадим доллар ҳисобида 2,2 бараварга камайди. Тошкент стандартлари кўра, бу — ўртача [малакага эга] IT-мутахассисининг ойлик иш ҳақи дегани.

Ҳозирда [ишлайдиган] компаниям индексация қилиш масаласини кўриб чиқмоқда, бироқ ҳеч қайси компания даромад ҳеч бўлмаганда курс бир доллар учун 73 рубль бўлган ҳолатга қайтиши учун иш ҳақини икки баравар ошира олмаслигини ҳаммамиз тушуниб турибмиз.

Айни пайтда ички бозор аллақачон бунга жавоб қайтармоқда. Импорт қилинган маҳсулотлардан тайёрланган таомлар ресторанлар меньюсидан олиб ташланмоқда, айрим брендлар хомашё материаллар олиб кирилмаётганлиги сабаб шунчаки тўхтаб қолган, кутишмоқда. Импорт хомашёдан ишлаб чиқариладиган ҳамма нарса ҳозирданоқ камида 30 фоизга қимматлашди.

Менинг компаниям ички бозор учун ишлайди. Ҳозирча фақатгина хориж валютасини сотиб олиш ва валюта операциялари амалга ошириш билан боғлиқ чекловлар юзага келди. Аммо компания жуда юқори даражадаги ликвидликка эга ва ходимларни ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қилмоқда.

Аниқ билганим шуки, ҳозир россияликлар ташқи контрагентлардан даромад олиш мақсадида зудлик билан хорижий банкларда ҳисоб очиш имконини изламоқда. Айрим компаниялар ўз жамоаларини руҳий жиҳатдан беқарорлик зонасидан олиб чиқиш мақсадида уларни бутунлай бошқа мамлакатларга кўчиришди.

Мен айни пайтда Туркиядаман, Истанбулдаги дўстларим билан туғилган кунимни нишонлаш учун 23 февраль куни учиб кетган эдим. Вазият бундай бўлиб кетишини ким ҳам ўйлаганди дейсиз. Шунинг учун Москвада нималар содир бўлаётганини дўстларимнинг хабарлари ва янгиликлар орқали кузатиб боряпман.

Кўплаб дўстларим митингларга чиқишди, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришга бўлган ҳар қандай уринишлар қаттиқ бостирилмоқда.


Москва. Фото: Meduza.

Дўконлардаги нархлар ҳозирча тахминан аввалгидек, аммо бу тез орада ўзгаради. Четдан олиб кирилган ҳамма нарса 2 баробар қимматлашади. Ахир ҳеч ким захирага олиб қўймаган. Хомашё материаллар нархининг кўтарилгани сабаб аксарият маҳаллий брендлар ҳам ёпилади. Умуман олганда, вазият жуда ачинарли.

Қўшни мамлакатларга чипталар аллақачон бир неча ҳафта олдиндан тўлиқ сотиб олиб бўлинди. Банкомат ва банкларда навбатлар дастлабки кунлардаёқ пайдо бўлган эди. Доллар ва рублда нақд пул ечиб олишга. Дастлабки санкциялар банкларга тааллуқли эди, шу заҳоти ҳамма ҳар эҳтимолга қарши нақд пул ечиб олиш учун кетди. 24 февраль куни россияликлар банкоматлардан 111 млрд рубль ечиб олишгани ҳақида янгиликларда ўқидим.

Вазият қай йўсинда давом этиши ҳозирча номаълум, бироқ ҳамма [пулини] чет эл валютасига ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Узоқ вақт давомида нақд пулдан фойдаланмай қўйган одамлар (99% харидлар учун карта орқали тўлаш мумкин эди) нақд пулларга одатланишларига тўғри келади.

Рублдаги пул ўтказмалари муаммосиз кечмоқда. Apple Pay / Google Pay билан боғлиқ муаммолар мавжуд, карталарга ҳавола ўчирилган ёки ўчирилмаганлиги ҳозирча номаълум.

Мен бир ярим ойлик саёҳат ва оиламни кўриб келиш мақсадида Тошкентга учишни режалаштиргандим. Вазиятни кузатиб бораман ва Москвага бориш ёки бормаслик ҳақида қарор қабул қиламан. Аммо Москвада менинг уйим, дўстларим ва ишим бор. Ҳамма нарсани қолдириб, кичкина чамадон билан чиқиб кетганман. Қайтиб боришим аниқ, узоқ вақтгами ёки йўқ, номаълум.

Азиз, event-агентлик раҳбари, 27 ёшда, Москва вилояти

Мен Пушкинода ишлайман, тадбирлар ўтказиш билан шуғулланувчи агентлигим бор, интеллектуал ўйинлар ва тадбирлар ташкиллаштираман. Бизда аҳвол қанақа? Ваҳимали вазият, ҳамма шок ҳолатида. Бу ҳарбий операция бўлишини ҳеч ким кутмаган эди, бизга буни уруш, деб аташни қонунан тақиқлашмоқда. Аниқроғи, бунинг учун ҳибсга олишлари мумкин. Ҳужум ҳақида гапиришга ҳам ҳаққим йўқ, бироқ мен мазкур «махсус операция»га қаршиман ва уни қоралайман.

Афтидан, Россияда одамлар ҳозир содир бўлаётган воқеалардан жуда уялмоқдалар. Ва уларнинг қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Пикетларга, митингларга чиққан тақдирда ҳам, қўлларини орқага қилиб, вагонга қамаб қўйишмоқда. Ҳатто фуқаролик позициянгиз билан чиқишга ҳам қўрқасиз, сабаби уйингизга қандайдир белгилар қўйиб кетишади. Қолаверса, агар кимгадир хайр-эҳсон қилсангиз, буни давлатга хиёнат сифатида баҳолашлари мумкин.

Долларнинг рублга нисбатан курсидаги ўсиш кучли таъсир қилади. 2014 йилда Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги рубль курси, доллар курси туфайли ватанга қайтган эди, назаримда, бу сафар ҳам худди шундай сценарий бўлади. Чунки, менимча, бу энди узоқ вақт давом этади — улар келишувга эришишлари даргумон.

Бу вазият менинг ишимга қандай таъсир қилди? Шу пайтгача менга тадбирлар ўтказиб бериш юзасидан, айтайлик, 10 та мурожаат келиб тушган бўлса, улардан тахминан учтаси бекор қилинди. Айрим компаниялар ўз фаолиятларида шунчаки танаффус олишди ва ҳозир ҳеч нарса қилишни хоҳламаяпти, чунки мамлакатдаги вазият тушунарсиз.

Санкциялар компаниямга бевосита таъсир қилмади, лекин мижозларимга таъсир қилди, аниқроғи, аризалар жуда камайиб кетди. 24 февралгача кунига 5−10 та қўнғироқ тушган бўлса, ҳозир — 0. Яъни, ҳақиқатда, жуда кучли таъсир кўрсатди.

Шундай экан, вазият, албатта, жуда ёмон. Худди ҳаммамиз яккалаб қўйилгандекмиз ва қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Биздан эртанги кунимизни аҳмоқларча тортиб олишди. Ҳаммамиз шок ҳолатидамиз. Ҳа, дўконларда нархлар кўтарилмоқда. Масалан, дастлабки кунлар айрим дўконларда iPhone нархи 120−130 минг рубль атрофида эди, гарчи аслида бироз арзонроқ бўлиши керак бўлса-да. Apple Россияда онлайн-сотувни тўхтатгани, шунингдек, мамлакатда Apple Pay ва бошқа хизматлар фаолияти чекланиши ҳақида эълон қилганида, iPhone`лар дўконлар расталаридан ғойиб бўлди.

Пушкинодаги электрон жиҳозлар дўкони, 2 март.

Одамлар пулсиз қолишдан ва банк карталари бирданига ишламай қолишидан қўрқишмоқда. Бу шунақанги оммавий ваҳима, мен ҳам [ваҳимага] тушиб қолдим. Мен ҳам [27 февраль куни] банкомат қидирдим, нақд пул жуда оз қолмоқда, чунки ҳамма нақд пул ечиб олмоқда. Банкларда доллар бор, лекин уларни оширилган нархда сотишмоқда. Банк долларни 98−103 рублдан сотиб олаётган бўлса, 120−140 рублдан сотмоқда. Катта эҳтимол билан, тез орада доллар сотиш билан шуғулланадиган чайқовчилар пайдо бўлади, бироқ ҳозирча бундайлар йўқ. Ҳозир кўпчилик ўз жамғармаларини ечиб олмоқда ва уларни нақд пулга айлантирмоқда.

Кеча мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйладим. Сабаби шундай оғир вазият давом этаверса, келишувга эришилмаса, кетишга тўғри келади. Чунки бу ерда қилинадиган иш қолмайди. Бу ерда умуман ишнинг ўзи бўлмайди, лекин умид қиламанки, ҳаммаси изига тушади. Кутамиз. Келишиб олишларининг оз бўлса-да эҳтимоли бор.

Вали, 36 ёшда, Омск / Москва

2014 йилдан бери Россияда истиқомат қиламан. Мен ташқи иқтисодий фаолият департаментига раҳбарлик қиламан ҳамда масофадан туриб компаниянинг Хитойдаги бўлинмасини ҳам бошқараман. Мен ишлаётган компания туризм, балиқ ови ва фаол тарзда ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган товарлар улгуржи савдоси, ишлаб чиқариши ва импорти билан шуғулланади.

Атрофимда, асосан, бутунлай хилма-хил турдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларим, касбим тақозоси билан танишган тадбиркорлар бор. Шунингдек, хорижлик ҳамкорларим билан доимий алоқадаман.

Ҳамма ваҳимага яқинроқ кайфиятда, сабаби айни пайтда ҳавода муаллақ туриб қолган ноаниқлик одамни қўрқитади. Ҳатто хорижлик ҳамкорларимиз ҳам биздан жуда хавотирда, чунки улар ҳар қандай чекловлардан биринчи навбатда оддий одамлар азият чекишини яхши билишади.

Ойлик маошим кундан-кунга камаймоқда, чунки у компаниянинг соф ялпи фойдаси кўрсаткичларига «боғланган». Фойда эса тушиб кетмоқда, чунки бизнинг портфелимизнинг 80% қисми «валюта» артикуллари / товар элементларидан иборат. Халқаро шартномалар бўйича тўловни амалга ошириш учун чет эл валютасини сотиб олиш тартиби тўғрисида ҳали кўрсатма олмадик, шу сабабли сотувга чиқариш нархларини ҳозирча қайта кўриб чиқмадик. Бироқ нархларни кўтарган тақдиримизда ҳам аҳолининг харид қобилияти кескин пасайиб кетиши туфайли сотув ҳажмида йўқотишларга дуч келамиз.

Ҳозирнинг ўзида жавоб қайтариш жуда қийин, сабаби активлар узоқ муддатли лойиҳалар орасида тақсимланган ва маблағларни ҳозирнинг ўзида қайтариб олишнинг имкони йўқ. Яхшиямки, биз Европа мамлакатларига экспорт билан шуғулланмаймиз, чунки валюта тушумининг бир қисмини сотиш — бу утопия! Иқтисодий ҳимоя масаласида, минг афсуски, айни пайтда чорасизмиз.

Тинчлик намойишларига келсак, ҳа, Россия шаҳарларида бўлиб ўтмоқда, лекин улар оммавий характерга эга эмас. Импорт қилинадиган ҳар қандай товарнинг нархи деярли соат сайин ошиб бормоқда, маиший электроника, автомобил эҳтиёт қисмлари, дори-дармонлар каби товарлар бозорларида ажиотаж кузатилмоқда. Айрим товарлар танқислиги мавжуд.

[Узун] навбатлар йўқ, чунки қўшимча иқтисодий чора-тадбирлар тўғрисида чиқарилган қарор юзасидан банклар ва бошқа молия ташкилотларига тушунтириш берилмаган, шу нуқтаи назардан банклар шунчаки танаффус қилишга қарор қилишган. Банкоматларда чет эл валютаси шунчаки йўқ. Лекин сиз доллар ва еврони ҳеч қандай муаммосиз айирбошлашингиз мумкин, бу ерда масала шуки, қайси курсда? Ўтказмаларга келсак, ҳозирда чекланган, Марказий банк ва валюта назорати (тартибга солувчи орган) изоҳ бериши кутилмоқда.

Айни дамда вазиятни кузатиб, вазият ёмонлашган тақдирда, ўзим учун чиқиш йўлларини излаяпман. Албатта, ватанимдан муносиб таклифлар бўлса, мамнуният билан кўриб чиқиб, афзалликни [уларга] берган бўлардим. Аммо сўнгги чора сифатида узоқ хорижни ҳам кўриб чиқаман.

Катя (исм ўзгартирилган), Москва

Мен Москвада яшайман, лекин вазиятдан келиб чиқиб, шахсим сир тутилишини хоҳлардим — бу ерда жуда тушунарсиз баёнотлар берилмоқда.

Ҳозир (2 март) Москвада вазият осойишта, ҳатто ҳавотирга соладиган даражада тинч. Аммо юз бераётган воқеалар фонида фуқароларнинг оммавий ваҳимаси нуқтаи назаридан жуда оғир. Кўпчилик томонларга нисбатан ўз позицияларини ҳимоя қилмоқда… Кўплаб дўстларим ва танишларим психологик ёрдам хизматларидан фойдаланмоқдалар, сабаби ўзларидаги ҳавотир ва ваҳимани бошқара олмаяптилар.

Умуман олганда, ҳозир ишсиз қолдим, сабаби мода соҳасида ишлайман, ҳозирда эса бу [соҳа] кескин равишда ўз аҳамиятини йўқотди. Мода намойишлари, тижорий лойиҳалар ва санъат, ижодий муҳит билан боғлиқ бошқа нарсалар оммавий тарзда бекор қилинди.

Санкциялар энг кўп мода саноатига жиддий таъсир кўрсатди. Кўпчилик Украина, Европа брендлари ва бозорлари Россия билан ҳамкорликни тўхтатди. Ва буни, афсуски, ҳозир ўзгартириб бўлмайди, гарчи барча ҳамма нарсани тушуниб турган бўлса-да. Бизнесга келсак, бир нарса дейишим қийин. Бироқ дўстимга қарашли катта компания ҳозир жуда катта йўқотишларга дучор бўлди, улар Америка (Apple) ва Германия билан ҳамкорлик қилишарди (техника воситалари етказиб беришарди), ҳозирда, ҳаммаси равшанки, ҳамкорлик тугатилди. Бугун Москвада Apple re:Store дўконлари ҳатто очилмади, Apple вакиллари изоҳ бермаяпти. Иқтисодий шарт-шароит йўқ.

Нархлар ҳар куни кўтарилмоқда! Кеча гречка нархи 80 рубль бўлган бўлса, бугун худди ўша гречка 120 рубль. Дори-дармон нархлари ҳам ошди. Товарлар сотиб олинмоқда, ҳа, расталарда бор пайти, ҳамма нарса сотиб олинмоқда. Норозилик намойишлари ҳар куни ўтказилмоқда, лекин тобора камроқ одамлар иштирокида, сабаби ҳаммани ҳибсга олишмоқда, қўлга олинганларни калтаклаш ҳолатлари бўлди.

Банкоматлар — алоҳида ҳикоя. Масалан, айни пайтда нақд пул олиш имконияти йўқ, банкоматларда пул қолмаган. Навбатлар, ҳа, километрлаб узунликда, айниқса шаҳар марказида. Шахсан валютага ишим тушмади, лекин танишларим айирбошлашга ҳаракат қилишган, валюта алмашиш шахобчаларида навбатда туришган, кимдир алмаштирган, кимгадир етмай қолган.

Кетиш ҳақида ўйлаб кўрдим. Тошкентдаги яқинларим ҳам буни ягона тўғри вариант деб ҳисоблашмоқда. Биласизми, икки нафар фарзандим бор ва, албатта, агар вазият янада оғирлашса, оиламнинг хавфсизлиги учун ҳеч иккиланмай мамлакатни тарк этаман.

Карим (исм ўзгартирилган), Москва

Мен талабаман. Ҳамкасбларим ва курсдошларим орасида безовталик ва мамлакат келажаги учун ҳавотир бор. Санкциялар ва рублнинг охирги кунлардаги қадрсизланиши иш ҳақимга бевосита таъсир қилади, йўқ, у камаймайди, лекин ускуналар аллақачон қимматлашди ва маҳсулотлар нархлари кўтарилиш арафасида.

Дастлабки кунлар банкоматлар олдида узун навбатлар тўпланди. 27 февралдан бошлаб валюта айирбошлаш билан боғлиқ ажиотаж барҳам топди, навбатлар ҳам йўқолди. Tinkoff Bank орқали операцияларни амалга ошириш имконияти бор (картани тўлдириш, картадан ечиб олиш, валютани алмаштириш).

Умуман олганда, РФдаги Ўзбекистон фуқароси сифатида ҳаётимда ҳеч нарса ўзгармади. Ишда ҳам, ўқишда ҳам зиммамдаги вазифаларни бажаришда давом этмоқдаман.

Наргиза, Москва

Москвада магистратуранинг биринчи босқичида таҳсил оламан. Ён-атрофимдаги талабалар урушга қарши. Европа давлатларидан келган талабалар орасида хавотир бор, уларнинг баъзилари ўз мамлакатларига жўнаб кетишди.

Мен еврода стипендия оламан, шунинг учун рубль курсидаги ўзгаришлар даромад миқдорига таъсир қилади.

Намойишлар бўлиб турибди. Дорихона ва супермаркетларда нархлар ошганини пайқамадим. Университет томонидан бизга ҳозирча ҳеч қандай тавсия берилмади. Ҳозирча ўқишимни кундузги шаклда давом эттириш ниятидаман.

Пул масаласига келсак, уларни чет эл валютасида сақлашга ҳаракат қиляпман. Шунчаки мобил илова орқали картадан картага ўтказаман. Менинг картам Россиядаги хорижий банк филиалига тегишли, шунинг учун тўлов ва пул ўтказишда ҳеч қандай қийинчиликлар бўлмади, фақат бир кун банк иловаси ишламади, лекин кейин тез орада ҳамма нарса изига тушди. Пулни ечиб олишга уринмадим, чунки Москвада ҳамма жойда карта билан тўлаш имконияти мавжуд.