3−4 март кунлари Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 720 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов.

Шундай қилиб, 4 март ҳолатига кўра, умумий ҳисобда 11 та авиарейс билан 2579 нафар ўзбекистонлик қайтарилди.

Юсуп Кабулжановнинг қўшимча қилишича, Катовице аэропортидан учта қўшимча парвоз кутилмоқда: бугун соат 14:30 ва 16:00 да ҳамда 5-март соат 03:00 да.

Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 1480 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 700 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 780 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.

«Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон ўз фуқароларини жанговар ҳаракатлар зонасидан олиб чиқиш бўйича тезкор ишларни йўлга қўйган саноқли давлатлар сафига кирди. Барча қайтариш рейслари бепул амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

Польшадаги Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, Катовице аэропорти бугунги кунда одамлар билан тўлган. Шаҳар маъмурияти томонидан аэропорт биносига кириш ва йўловчиларни рўйхатга олиш учун соддалаштирилган тизимни ишга туширилган. Жамоат тартиби полиция ва маҳаллий кўнгиллилар томонидан назорат қилинмоқда. Болали аёллар ва кексалар учун махсус коридор ташкил этилган. Барча фуқароларга олдиндан тайёрланган рўйхатлар асосида хизмат кўрсатилмоқда.

«Дипломатларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон фуқаролари шароитлар яратилган, шу жумладан улар иссиқ овқат билан таъминланган», — дея маълум қилди Юсуп Кабулжанов.

ТИВ расмий вакили барча юртдошлардан хотиржамликни сақлаш, ваҳимага берилмаслик, провокациялар ва зиддиятли вазиятларга учмасликни сўради. «Ишонтириб айтамизки, барча фуқаролар мамлакатимизга қайтарилади», — дея ваъда берди у.